Ўзбекистон илк бор экотуризм ва барқарор туризм саммитига мезбонлик қилди
Ушбу нуфузли анжуман дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан етакчи туризм мутахассислари, давлат ва хусусий сектор

Ўзбекистон илк бор экотуризм ва барқарор туризм саммитига мезбонлик қилди
Жорий йилнинг 26 август куни Тошкент шаҳрида "Экотуризм ва барқарор туризм саммити" номли йирик халқаро тадбир муваффақиятли ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, Халқаро экотуризм ассоциацияси ва "ТГС Травел" халқаро сайёҳлик ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу нуфузли анжуман дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан етакчи туризм мутахассислари, давлат ва хусусий сектор вакилларини бирлаштирди.
Илгари Туркия, Миср, Вьетнам ва Танзания каби етакчи туристик марказларда ўтказилган бу халқаро саммитга 2026 йилда Ўзбекистон биринчи марта мезбонлик қилди. Бу ҳолат мамлакатимизнинг барқарор ва экологик туризм соҳасидаги салоҳияти халқаро миқёсда тан олинаётганини, шунингдек, глобал туризм харитасидаги ўрни янада мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Тадбирда АҚШ, Канада, Янги Зеландия, шунингдек, Европа ва Осиё минтақасининг етакчи давлатларидан 100 га яқин йирик хорижий туроператорлар, сайёҳлик компаниялари вакиллари ва соҳа экспертлари иштирок этиб, Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти билан бевосита танишиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имкониятига эга бўлишди.
Саммит доирасида таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган изчил давлат сиёсати олиб борилмоқда. БМТ Туризм маълумотларига кўра, Ўзбекистон дунёнинг энг тез ўсиб бораётган етакчи 7 та сайёҳлик йўналиши қаторидан жой олди. Хусусан, жорий йил бошидан буён мамлакатимизга 8 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, уларнинг Ўзбекистонда ўртача бўлиш муддати 8 кунгача узайтирилди. Ушбу кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг нафақат минтақада, балки бутун дунёда истиқболли ва барқарор ривожланаётган туристик йўналиш сифатида мустаҳкам ўрин эгаллаётганидан далолат беради.
Туризм соҳасига хорижий ва маҳаллий инвестицияларни янада жалб этиш мақсадида давлат томонидан қатор янги имтиёз ва рағбатлантириш чоралари жорий этилмоқда.
Жумладан, меҳмонхоналар қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлашга 50 миллион АҚШ доллари миқдорида ресурс ажратилиб, тадбиркорларга 10 йил муддатга 16 фоизли имтиёзли кредитлар тақдим этилади. Уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар қурилишига субсидиялар бериш муддати яна икки йилга, меҳмонхоналар учун ўн баравар камайтирилган ер ва мол-мулк солиғи ставкалари эса 2030 йилгача узайтирилади. Бундан ташқари, туроператорларнинг хорижий туристларга кўрсатган хизматлари экспортга тенглаштирилиб, қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади, туристик автобус, электробус ва микроавтобусларни олиб киришда эса божхона имтиёзлари яна бир йилга узайтирилади.
Тадбирнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Санжар Таджиев ҳамда "ТравелШоп Гроуп оф Сомпаниес" бош директори ва Истанбул туризм ассоциацияси президенти Муртаза Калeндер табрик сўзлари билан чиқиш қилишди. Маросимда, шунингдек, бошқа расмий меҳмонлар ва хорижий делегация раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Экотуризм ва барқарор туризм конференцияси доирасида дунёнинг турли мамлакатларидан келган етакчи мутахассислар ўз тажриба ва билимлари билан ўртоқлашди. Хусусан, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка саёҳат бозори бўйича эксперт Анис Сехили, Италиянинг Бергамо университети профессори Роберто Гарибальди каби халқаро туризм экспертлари, шунингдек, бир қатор маҳаллий мутахассислар барқарор туризмни ривожлантириш, экологик салоҳиятдан оқилона фойдаланиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мавзуларида мазмунли тақдимот ва маърузалар билан чиқиш қилишди.
26 августдаги асосий дастур муваффақиятли якунланганидан сўнг, хорижий меҳмонлар учун Тошкент, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари бўйлаб экскурсиялар ҳамда қўшимча бизнес учрашувлари давом эттирилади. Ушбу ташрифлар хорижий делегатларга Ўзбекистоннинг минг йиллик тарихи, бой маданий мероси ва юксак туристик салоҳияти билан бевосита яқиндан танишиш, шунингдек, минтақавий туризм лойиҳалари бўйича амалий таассурот олиш имконини беради.
Тадбирнинг энг самарали жиҳати айнан B2B сессияларида намоён бўлди. Хорижий туроператорлар ва сайёҳлик компаниялари ҳамда маҳаллий ҳамкорлар ўртасида икки томонлама учрашувлар ташкил этилди. Айниқса, Канада, Буюк Британия ва Европадаги харид қобилияти юқори, асли келиб чиқиши осиёлик мусулмонлар диаспораси учун турларни ташкил этиш салоҳиятига эга етакчи компаниялар билан стратегик ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Ушбу учрашувлар натижасида маҳаллий ва хорижий туризм субъектлари ўртасида бир қатор амалий келишувларга эришилди ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик лойиҳаларини бошлаш учун мустаҳкам асос яратилди.

