Ўзбекистон илк бор Африка Иттифоқи ҳузуридаги ўз вакилини тайинлади

Ўзбекистон илк бор Африка Иттифоқи ҳузуридаги ўз вакилини тайинлади
Ўзбекистон элчиси Ашраф Хўжаев Африканинг 55 давлатини бирлаштирган Африка Иттифоқи ҳузуридаги мамлакатнинг биринчи доимий вакили бўлди. Томонлар иқтисодиёт, маданият ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни қандай ривожлантиришни муҳокама қилишди.
Хўжаев ишонч ёрлиқларини Африка Иттифоқи Комиссияси раиси Маҳмуд Али Юсуфга 14 октябрь куни Аддис-Абебада топширди.
Хўжаев Ўзбекистоннинг Қатардаги вакили ҳисобланади, шунингдек, ўриндошлик асосида Жанубий Африка Республикаси ва Эфиопиядаги элчисидир.
Ёрлиқлар топширилгач, томонлар муносабатларни янада ривожлантиришни муҳокама қилишди. Хусусан, гап биргаликдаги тадбирлар ҳамда савдо, иқтисодиёт, маданият ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар ҳақида борди.
Доимий вакилнинг тайинланиши Ўзбекистонга Африка Иттифоқи билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва Африка қитъаси мамлакатлари билан алоқаларни кенгайтириш имконини беради.

