Ўзбекистон ҳокимликлари мажбурий меҳнатга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирилди
Давлат меҳнат инспекцияси ҳокимликларни ходимларни иш вақтидан ташқари, дам олиш ва байрам кунларида ишлашга мажбурлаш йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат эканлиги ҳақида огоҳлантирди.

Ўзбекистон ҳокимликлари мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирилди
Давлат меҳнат инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шунингдек, туман ва шаҳарлар ҳокимликларига мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги тўғрисида расмий огоҳлантириш хатлари юборди.
Идорада таъкидланишича, ходимларни уларнинг розилигисиз, таҳдид ёки босим остида белгиланган иш вақтидан ташқари ишларга, шунингдек, дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб қилиш мумкин эмас.
Ушбу огоҳлантириш меҳнат қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ва ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Давлат меҳнат инспекцияси маълумотларига кўра, жорий йилнинг саккиз ойи давомида ҳокимликларнинг уч нафар мансабдор шахси мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги сабабли маъмурий жавобгарликка тортилган.
Инспекция мажбурий меҳнат билан боғлиқ аниқланган барча қонунбузарликлар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилишини маълум қилди. Айбдор деб топилган шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади.
Мажбурий меҳнатга дуч келган ёки бундай ҳолатлар ҳақида маълумотга эга бўлган фуқароларга Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилиш тавсия этилади.
Бундай фактлар ҳақида @munosibmehnat_bot Telegram-боти, +998 71 200-06-00 ишонч телефони ёки 1176 қисқа рақами орқали хабар бериш мумкин.

