Ўзбекистон ҲҲК Embraer компаниясидан биринчи C-390 Millennium ҳарбий-транспорт самолётини қабул қилиб олди (+фото)
Embraer Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ҳарбий-ҳаво кучларига янги авлоддаги иккита C-390 Millennium ҳарбий-транспорт самолётидан биринчисини топширди. Бразилиядаги маросимда ҲҲК қўмондони Аҳмад Бурҳонов ва «Ўзтехтрейд» директори Олимхон Рустамов иштирок этди. Ўзбекистон минтақада бундай самолётларнинг биринчи операторига айланди. Фото.

Ўзбекистон ҲҲК Embraer компаниясидан биринчи C-390 Millennium ҳарбий-транспорт самолётини қабул қилиб олди (+фото)
Embraer компанияси Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ҳарбий-ҳаво кучларига буюртма қилинган янги авлоддаги иккита C-390 Millennium ҳарбий-транспорт самолётидан биринчисини топширди.
Тантанали маросим Embraer компаниясининг Сан-Паулу штати Гавиан-Пейшоту шаҳридаги синов базасида Ўзбекистон ҲҲК қўмондони, генерал-майор Аҳмад Бурхонов ва «Ўзтехтрейд» давлат корхонаси (ҳарбий ва икки томонлама мақсаддаги маҳсулотлар импорти билан шуғулланади) директори Олимхон Рустамов иштирокида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Марказий Осиёда ушбу турдаги самолётларнинг биринчи буюртмачиси ва операторига айланди. 2024 йил охирида имзоланган шартнома, шунингдек, ўқитиш ва қўллаб-қувватлашнинг комплекс пакетини ҳамда эҳтиёт қисмларни етказиб беришни ҳам назарда тутади.
«Биринчи С-390 Millennium самолётининг етказиб берилиши Ўзбекистон ҲҲКни модернизация қилишда олдинга ташланган муҳим қадамдир. Самолётнинг истисноий парвоз-техник хусусиятлари, кўп қирралилиги ва кўп мақсадли имкониятлари бизга кенг кўламли вазифаларни янада юқори самарадорлик ва тайёргарлик билан бажариш имконини беради. Биз ушбу замонавий платформани қуролланишга қабул қилишни ва тезкор имкониятларимизни янада мустаҳкамлашни интиқлик билан кутамиз», — деди Аҳмад Бурхонов.
«Ўзбекистон ҲҲКга биринчи C-390 Millennium самолётини топшириш ва Ўзбекистонни бутун дунё бўйлаб C-390 операторларининг ўсиб бораётган ҳамжамиятида қутлаш биз учун катта шарафдир», — деди Embraer Defense & Security президенти ва бош ижрочи директори Боско да Коста Жуниор. У самолётни ўрта масофага мўлжалланган тактик ҳаво ташувларида янги стандарт деб атади ва у мамлакат ҲҲКга келгуси ўн йилликлар давомида янги имкониятлар ва тезкор мослашувчанликни тақдим этиши кераклигини таъкидлади.
XXI асрда ишлаб чиқилган ва яратилган C-390 Millennium ўз классидаги энг замонавий ҳарбий-транспорт самолёти ҳисобланади. У бошқа ўрта юк кўтарувчи ҳарбий-транспорт самолётларига қараганда кўпроқ юк (26 тонна) ташишга қодир, шу билан бирга юқори тезликка (470 узел) эришади ва узоқ масофаларни босиб ўтади.
Самолёт кенг кўламли вазифаларни бажариши мумкин, жумладан, юклар ва шахсий таркибни ташиш, техника ва ҳарбий хизматчиларни десант қилиш, тиббий эвакуация, қидирув-қутқарув операциялари (SAR), ёнғинларни ўчириш ва гуманитар миссиялар. Шу билан бирга, ундан вақтинчалик ёки тупроқли учиш-қўниш йўлакларида фойдаланиш мумкин.
Ҳавода ёнилғи қуйиш (AAR) учун тез ечиладиган ускуналар тўплами билан жиҳозланганда, самолёт ҳам ҳаво танкери, ҳам ҳавода ёнилғи қабул қилувчи самолёт вазифасини бажариши мумкин.
Бразилия ҲҲКдан ташқари, ушбу янги авлод кўп мақсадли самолёти Португалия, Венгрия, Корея Республикаси, Нидерландия, Австрия, Чехия, Ўзбекистон, Швеция, Бирлашган Араб Амирликлари, Словакия, Колумбия ва Литва ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан танланган.
Ҳозирда Ўзбекистон ҲҲК Ил-76 ва CASA C-295 (Airbus Defence and Space) ҳарбий-транспорт самолётларидан фойдаланмоқда.

