Ўзбекистон финтех соҳасига 1 млрд доллар инвестиция жалб қилмоқчи
Ўзбекистон 2030-йилга қадар финтех соҳасига 1 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этишни режалаштирмоқда. Шунингдек, янги молиявий инструментларни синовдан ўтказиш, инновацион ҳабни ишга тушириш ва рақамли миллий валюта бўйича тажрибаларни давом эттириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон финтех секторига 1 миллиард доллар сармоя киритишни мақсад қилган. Бу ҳақда Британиянинг ФСтеч порталида чоп этилган мақолада маълум қилинган. Мақола Ўзбекистоннинг 2030-йилга бориб Марказий Осиёнинг етакчи молиявий технологиялар (финтех) марказига айланиш режаларига бағишланган.
Марказий банк раиси Тимур Ишметов Тошкентда бўлиб ўтган "Силк Роад Финансе & Течнологй Форум" доирасида Ўзбекистоннинг финтех соҳасини ривожлантириш бўйича тўрт йиллик стратегиясини тақдим этди. Ушбу стратегиянинг асосий мақсадларидан бири 2030-йилга қадар мамлакат финтех секторига 1 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестиция жалб қилишдир.
Шунингдек, молиявий технологияларни тартибга солиш тизимини такомиллаштириш ва рақамли молия соҳасида янги ташаббусларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, 2026–2027-йилларда янги молиявий инструментларни синовдан ўтказиш имконини берувчи такомиллаштирилган тартибга солиш тизимини ишга тушириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 2026-йилнинг тўртинчи чорагида инновацион хаб фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Ушбу хаб финтех лойиҳаларини ривожлантириш ва янги молиявий технологияларни амалиётга жорий этиш учун платформа вазифасини бажариши кутилмоқда.
Материалда Ўзбекистон Марказий банки рақамли миллий валюта бўйича ҳам синовлар ўтказаётгани қайд этилган. Ушбу синовлар натижаларини яқин вақт ичида тақдим этиш режалаштирилмоқда.
Стратегия Ўзбекистоннинг рақамли молия бозорини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва мамлакатни 2030-йилга қадар Марказий Осиёдаги етакчи финтех марказларидан бирига айлантиришга қаратилган.

