Ўзбекистон Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида кучли бешликка кирди

Ўзбекистон Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида кучли бешликка кирди
Қирғизистонда бўлиб ўтган VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси 19 та медални қўлга киритиб, умумий медаллар ҳисобида бешинчи ўринни эгаллади. Спортчилар ҳисобида тўртта олтин, тўртта кумуш ва 11 та бронза медали бор.
Мусобақалар 31 августдан 6 сентябргача бўлиб ўтди. Унда 113 та давлатдан 3 мингга яқин спортчи иштирок этиб, 43 та спорт тури бўйича медаллар учун кураш олиб борди.
Якуний жадвалда Ўзбекистон 21 та медалга (бешта олтин, учта кумуш ва 13 та бронза) эга бўлган Мўғулистондан кейинги ўринни эгаллади. Шу билан бирга, олтин медаллар сони бўйича Ўзбекистон жамоаси фақат тўртта давлатдан ортда қолди.
Ўйинларда Қозоғистон ғалаба қозонди. Унинг спортчилари 32 та олтин, 20 та кумуш ва 22 та бронза — жами 74 та медални қўлга киритди. Иккинчи ўринни 84 та медаль билан Қирғизистон эгаллади, гарчи уларнинг фақат 30 таси олтин бўлса-да. Россия еттита олтин билан бирга жами 36 та медаль қўлга киритиб, учинчи бўлди.
Таъкидлаш жоизки, якуний жадвалда ўринлар олтин медаллар сонига қараб тақсимланди, шу сабабли медалларнинг умумий сони ҳар доим ҳам терма жамоанинг эгаллаган ўрнига мос келавермайди.
Бундан аввалроқ ушбу турнирда Афғонистон терма жамоаси кўкпар мусобақаларидаги иштирокини тўхтатган эди. Жамоа Ўзбекистондан 1:4 ҳисобида мағлубиятга учраганидан сўнг шундай қарорга келди ва буни отлар билан боғлиқ муаммолар борлиги билан изоҳлади.

