«Ўзбекистон барча билан муносабатларни сақлаб қолишни исташини аниқ билдирди» — АҚШ давлат котиби
АҚШ Марказий Осиёда америка бизнесини ривожлантиришдан манфаатдор, аммо минтақа мамлакатларидан бошқа давлатлар билан ҳамкорликни чеклашни талаб қилмайди. «Ўзбекистон ҳамма билан дўст бўлишни хоҳлашини очиқ-ошикор билдирди. Барча билан муносабатларни сақлаб қолишни истайди», — деди АҚШ давлат котиби Марко Рубио.

«Ўзбекистон ҳамма билан муносабатларни сақлаб қолишни хоҳлашини аниқ билдирди» — АҚШ давлат котиби
АҚШ Марказий Осиё мамлакатларидан ким билан ҳамкорлик қилишни талаб қилмоқчи эмас. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Марко Рубио 19 октябрь куни Регистон майдонига ташрифи чоғида журналистларга маълум қилди.
Бир кун аввал Рубио C5+1 форматидаги вазирлар учрашувида ҳамда Америка-Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилишида иштирок этиш учун Самарқандга келди. У билан бирга мамлакатга 200 дан ортиқ йирик Америка компаниялари вакиллари ташриф буюрди.
«Биз бу ерга ким биландир мулоқотни тўхтатишни ёки бошқа бирор мамлакат билан ҳамкорлик қилмасликни талаб қилиш учун келмадик… Биз Америка бизнеси ва савдоси учун эшикларини очаётган дунёнинг исталган нуқтасида ҳозир бўлишни, кўзга ташланишни ва ҳамкорликка тайёр бўлишни хоҳлаймиз. Моҳият ана шунда», — деди Рубио Хитойнинг минтақадаги позициялари фаол мустаҳкамланаётгани фонида АҚШ Марказий Осиё мамлакатларига нима таклиф қила олиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
У, шунингдек, АҚШ «ҳалол рақобат ва тенг имкониятлар» тарафдори эканини қўшимча қилди. «Дунёда Америка ва Америка бизнеси тенг шароитларда рақобатлашиш имкониятига эга бўлмаслиги керак деб ҳисоблайдиган ҳеч бир ҳудуд йўқ. Биз айнан шунга интиламиз», — деди Рубио.
АҚШ давлат котиби ҳамма аллақачон Марказий Осиёнинг, хусусан, Ўзбекистоннинг аҳамиятини англаб етганини таъкидлади. У мамлакатнинг сўнгги ўн йилликда иқтисодий ўсишда эришган натижаларини «ҳайратланарли» деб атади.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ ҳамкорлик йўналишларини топишга интилмоқда ва буни бошқа бирор мамлакатга қарши қаратилган қадамлар сифатида кўрмайди. «Охир-оқибат, давлатлар колганича кўпроқ алоқаларни ривожлантиришга интилади», — деди Рубио.
«Ўзбекистон ҳамма билан дўст бўлишни хоҳлашини аниқ билдирди. Ҳамма билан муносабатларни сақлаб қолишни хоҳлайди. Ҳамма билан иқтисодий алоқаларни ривожлантиришни хоҳлайди. Биз ҳам ўз манфаатдорлигимизни билдирмоқдамиз», — деди давлат котиби.

