Ўзбекистон банкларига пул ўтказмаларини реал вақт режимида фирибгарликка текшириш мажбуриятини юклаш кутилмоқда

Ўзбекистон банкларига пул ўтказмаларини фирибгарликка қарши реал вақт режимида текшириш мажбуриятини юклаш режалаштирилмоқда
Ўзбекистонда банклар, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторларига шубҳали ўтказмалар ва бошқа операцияларни туну кун аниқлаш мажбурияти юкланиши мумкин. Хавф даражасига қараб, транзакция амалга оширилиши, мижоз томонидан тасдиқланиши учун вақтинчалик тўхтатиб турилиши ёки рад этилиши мумкин.
Антифрод тизимлари 24/7 режимида ишлаши ҳамда операцияларни реал вақт режимида бир нечта белгилар ва скоринг асосида таҳлил қилиши керак бўлади. Агар ўтказма вақтинчалик блокланса ёки рад этилса, мижозга зудлик билан хабар берилиши, сабаби тушунтирилиши ва кейинги ҳаракатлар ҳақида маълум қилиниши лозим. Лойиҳада, шунингдек, ижтимоий инженерия белгилари — фирибгарлар алдов ёки босим йўли билан шахсни мустақил равишда операцияни амалга оширишга кўндирган ҳолатлар аниқланганда, қўшимча текширув ўтказиш ҳам кўзда тутилган.
Банклар ва тўлов ташкилотларига шубҳали операциялар ҳамда янги фирибгарлик схемалари ҳақида ўзаро маълумот алмашиш, Марказий банкка йирик инцидентлар тўғрисида хабар бериш ва туну кун мижозлар мурожаатларини қабул қилиш мажбуриятини юклаш ҳам режалаштирилмоқда. Антифрод моделларини ҳар чоракда камида бир марта текшириш назарда тутилган. Лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамаси 9 октябргача давом этади.
Аввалроқ Ўзбекистонда InfoCards тизими ишга туширилган бўлиб, у орқали банк карталари эгалари карталари ким томонидан ва нима сабабдан блокланганини билиб олишлари мумкин. Эндиликда ушбу маълумотни олиш учун хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилиш кифоя.

