Ўзбекистон банкларида 18 млн дан ортиқ фирибгарлик операцияларининг олди олинди

Ўзбекистон банкларида 18 млн дан ортиқ фирибгарлик операцияларининг олди олинди
Ўзбекистонда 2026-йилнинг биринчи ярмида тижорат банкларида қиймати 461 миллиард сўмдан ошиқ 18 миллиондан зиёд фирибгарлик операцияларининг олди олинди.
Марказий банк матбуот хизмати берган маълумотга кўра, тижорат банкларида мижозлар маблағлари ва мобил қурилмаларини турли рақамли хатарлардан ҳимоя қилиш учун Сессион антифрод ҳамда антивирус тизимлари жорий этилган. Ушбу тизим банк операцияларини хавф даражаси бўйича таҳлил қилади. Юқори хавф даражасида баҳоланган операциялар чекланади, бу эса шубҳали операциялар орқали маблағларнинг чиқиб кетиши хавфини камайтиришга хизмат қилади.
Қуйида зарарли дастур аниқлангани сабаб чекланган ҳамда зарарли дастурдан тозаланган қурилмалар сони бўйича топ 10 тижорат банки келтирилган. Унга кўра, бундай усул билан фирибгарлик ҳолатларининг энг кўпи “Халқ банки”да қайд этилган — 2,2 миллионта. “Ипак йўли банки”да 1,4 миллиондан ортиқ шундай ҳолатларнинг олди олинган. “Ҳамкорбанк” ва “Миллий банк”да эса ярим йилда 100 мингтадан ортиқ фирибгарлик операциялари қайд этилган.
Олти ой давомида ушбу тизим ёрдамида 1,29 миллионта қурилмага кириш чекланган, 2 миллионта қурилма эса зарарли дастурлардан тозаланган.
Ўзбекистондаги банкларда Сессион антифрод ҳамда антивирус тизимлари президентнинг ПҚ-381-сон қарорига мувофиқ жорий этилган.
Мазкур ҳимоя механизмлари фирибгарлик хавфини эрта аниқлаш, шубҳали операцияларни ўз вақтида чеклаш ҳамда банк хизматларидан фойдаланувчиларнинг маблағлари ва қурилмаларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Кредит ташкилотлари ўз ички қоидаларидан келиб чиқиб, онлайн кредит (микроқарз) ажратиш жараёнида содир этиладиган фрод (ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик ёки ўғрилик) ҳолатларининг олдини олиш учун қўшимча чоралар кўради. Номига фирибгарлар онлайн кредит олган фуқаролардан у билан боғлиқ фоизлар, неустойка, жарималарни ҳисоблаш ҳамда ундириш тўхтатилади.

