Ўзбекистон аҳолиси етти ойда таълимга қарийб 30 триллион сўм сарфлади

Ўзбекистон аҳолиси етти ойда таълимга қарийб 30 триллион сўм йўналтирди
2026 йилнинг етти ойида Ўзбекистонда таълим соҳасидаги хизматлар ҳажми 27,2 триллион сўмни ташкил этди. Ўтган йилга нисбатан ушбу кўрсаткич 18,4 фоизга ўсди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, барча таълим хизматларининг қарийб ярми олий таълим ҳиссасига тўғри келади. Унинг улуши умумий ҳажмнинг 41,2 фоизини ташкил этди.
Кўрсатилган таълим хизматлари ҳажми бўйича Тошкент шаҳри ҳамон етакчилик қилмоқда. Етти ой давомида пойтахтда ушбу кўрсаткич 14,5 триллион сўмга етди — мамлакатдаги жами таълим хизматлари ҳажмининг ярмидан кўпи пойтахт ҳиссасига тўғри келди.
Ҳудудлар орасида энг юқори кўрсаткичлар Самарқанд ва Фарғона вилоятларида қайд этилди — 1,7 триллион сўмдан. Кейинги ўринларни Наманган ва Андижон вилоятлари — 1,3 триллион сўмдан, шунингдек, Тошкент вилояти 1,2 триллион сўм кўрсаткич билан эгаллади.
Бухоро вилоятида таълим хизматлари ҳажми 1,1 триллион сўмни, Қашқадарё вилоятида эса 972,7 миллиард сўмни ташкил этди. Қорақалпоғистонда ушбу кўрсаткич 771,7 миллиард сўмга етди.
Сурхондарёда январь–июль ойларида 712,0 миллиард сўмлик, Хоразм вилоятида эса 694,1 миллиард сўмлик таълим хизматлари кўрсатилди. Навоий вилоятида бу кўрсаткич 423,9 миллиард сўмни ташкил этди.
Ҳудудлар орасида энг кам таълим хизматлари Жиззах ва Сирдарё вилоятларида кўрсатилди — тегишлича 361,8 миллиард ва 357,1 миллиард сўм.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон тижорат банклари томонидан умумий қиймати 115,9 миллиард сўмлик имтиёзли таълим кредитлари ажратилди.

