Ўзбек режиссёри Аббасовга ўлимидан сўнг Чарли Чаплин номидаги мукофот топширилди

Ўзбек режиссёри Аббосовга вафотидан сўнг Чарли Чаплин номидаги мукофот топширилди
Таниқли ўзбек режиссёри Шуҳрат Аббосов кинематография ривожига қўшган ҳиссаси учун вафотидан сўнг Chaplin Awards билан тақдирланди. Мукофотни унинг ўғли Элджон Аббосов қабул қилиб олди.
Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, маросим 23 октябрь куни Тошкентдаги "Ўзбекистон" Халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтди. Тадбир The Hollywood Reporter нашри билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Чарли Чаплиннинг набираси Киара Чаплин иштирок этди.
Элджон Аббосов ушбу эътироф нафақат оила учун, балки халқаро майдонда ўзбек киноси учун ҳам катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
"Олтин ҳасса" мукофотини россиялик актриса Леонела Мантурова олди. Мукофотни унга Киара Чаплиннинг шахсан ўзи топширди. The Hollywood Reporter таҳририяти Борис Ханчалянга Featured Producer мақомини берди.
Маросим финалида томошабинларга зўравонликни бошдан кечирган болалар ҳақидаги Haqqim bor фильми намойиш этилди. Шунингдек, кинонамойишлар ҳамда маҳаллий ва хорижий мутахассислар билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Аввалроқ ўзбек режиссёри Рашид Маликовнинг "Вата" фильми X "Евразийский мост" халқаро кинофестивалида бадиий кино танловининг бош совринини қўлга киритган эди. Юбилей фестивали илк бор Москвада бўлиб ўтди ва 14 мамлакат кинематографчиларининг ишларини жамлади.

