Ўғирлаб кетилган жанубий африкалик журналист ўқдан олинган жароҳатлар билан ўлик ҳолда топилди
54 ёшли фахрий телебошловчининг жасади уч нафар қуролланган шахс уни Йоҳаннесбург яқинида ўғирлаб кетганидан бир неча соат ўтиб топилди.

**Ўғирлаб кетилган жанубий африкалик журналист ўқдан олинган жароҳатлар билан ўлик ҳолда топилди**
**Оуэн Ндлову кўп йиллар давомида SABC телеканали бошловчиси сифатида Жанубий Африка спорт аудиториясига яхши таниш бўлган**
Жоҳаннесбург яқинида машинаси олиб қочилиб, ўзи ўғирлаб кетилганидан бир неча соат ўтиб ўлик ҳолда топилган Жанубий Африканинг фахрий спорт шарҳловчиси Оуэн Ндлову хотирасига таъзиялар ёғилмоқда.
Мамлакатнинг SABC жамоатчилик телерадиокомпанияси собиқ бошловчиси бўлган Ндлову сешанба куни Катлеҳонг ҳудудида рафиқасини черковдан олиб кетиш учун борган вақтида ўғирлаб кетилган, деб хабар берди полиция.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, танасида ўқ излари бўлган жасад эртаси куни эрталаб, у ўғирлаб кетилганидан бир неча соат ўтиб, маҳаллий аҳоли томонидан топилган.
Полиция уч нафар гумонланувчини қидиришга киришди ва қотиллик тафсилотларини ўрганмоқда. Бу воқеа Жанубий Африкадаги зўравонлик жиноятларининг юқори даражасини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.
Гаутенг полицияси матбуот котиби полковник Димакатсо Невҳуҳулвининг айтишича, Ндлову рафиқасини черков ибодатидан олиб кетиш учун борганида ҳужумчилар ҳаракатга тушган.
«Аёл машинага яқинлашганда, тўсатдан уч нафар номаълум эркак яқинлашган, улардан бири қуролланган бўлган. Улар аёлни четга суриб юбориб, эрини орқа ўриндиққа ўтиришга мажбур қилишган», деди у.
«Шундан сўнг гумонланувчилар жабрланувчи билан бирга машинада қочиб кетишган».
Полиция маълумотларига кўра, Ford Raptor пикапи — Жанубий Африкада одатда «бакки» деб аталадиган машина — кейинроқ Жоҳаннесбург жанубидаги Уокервилл шаҳрида ташлаб кетилган ҳолда топилган.
Ндловунинг жасади чоршанба куни Токозадаги маҳаллий аҳоли томонидан йўл четидан топилган. Уларнинг айтишича, унда ўқдан олинган жароҳатлар бўлган.
Унинг сумкаси бир неча метр наридан, Жоҳаннесбург шарқидаги аҳоли зич жойлашган шаҳар ва саноат ҳудуди бўлган Гаутенгнинг Ист-Рэнд қисмидан топилган.
Полиция қотиллик иши бўйича тергов олиб борилаётганини, бироқ ўлим сабаби суд-тиббий экспертизасидан кейин аниқ бўлишини маълум қилди.
«Ҳозирги босқичда оила Оуэннинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар бўйича тегишли органлардан қўшимча маълумот кутмоқда», деди оила вакили Южин Мтетва.
Оила бу йўқотишни «қаттиқ зарба» деб атади ва уни ўғирлаб кетишгани ҳақидаги хабар тарқалгач, қидирувга ёрдам берган аҳоли, полиция ва жамоатчилик вакилларига миннатдорчилик билдирди.
Ндлову SABC телеканалида кўп йиллар давомида бошловчи ва продюсер бўлиб ишлагани туфайли Жанубий Африка спорт аудиториясига яхши таниш бўлган.
Унинг фаолияти фақат кўрсатувлар билан чекланиб қолмаган. Michaelowen Productions компанияси орқали у Жанубий Африка Премьер-лигаси футбол ўйинларини радиода ёритишда иштирок этган, кейинчалик эса мусиқачилар ҳуқуқлари ва роялти тўловларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган.
54 ёшли журналист, шунингдек, Artists United ва SABC йилнинг энг яхши ёзги қўшиғи ташаббуси билан ҳам ҳамкорлик қилган.
Ҳамкасби Лело Мзака уни «ранг-баранг, ғайратли ҳаёт» кечирган ҳамда спорт шарҳловчилигига иштиёқ ва ўзига хос услуб олиб кирган инсон сифатида хотирлади.
«Жанубий Африка ўз ҳаёти давомида ёрқин порлаган ноёб ва жўшқин инсонни йўқотди», дея қўшимча қилди Мзака Mail & Guardian янгиликлар сайтида.
Гаутенг провинцияси ҳукумати аҳолини терговга ёрдам беришга чақириб, жиноятчиликка қарши кураш устувор вазифа бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Ушбу қотиллик қуролли талончилик ва машиналарни олиб қочиш жиддий муаммо бўлиб қолаётган Жанубий Африкадаги зўравонлик жиноятларига яна бир бор эътибор қаратди.
Миллий полициянинг 2026 йилнинг апрелидан июнигача бўлган даврни қамраб олган сўнгги маълумотларига кўра, 5000 дан ортиқ қотиллик ва 4000 га яқин машина олиб қочиш ҳолатлари қайд этилган.
Ўтган ойда ушбу рақамларни эълон қилар экан, полиция вазири вазифасини бажарувчи Фироз Качалиа оғир жиноятлар жамиятда қўрқув уйғотишда давом этаётганини ва уларнинг айримлари «режали ва пухта ишлайдиган уюшган, тиш-тирноғигача қуролланган жиноий гуруҳлар» томонидан содир этилаётганини айтган эди.

