Ню-Ёрк мактабларида сунъий интеллектдан фойдаланиш чекланади
Айрим топшириқларни тайёрлашда сунъий интеллектдан фойдаланишга фақат 9-синфдан, яъни тахминан 13–14 ёшдан бошлаб рухсат этилади.

Ню-Ёрк мактабларида сунъий интеллектдан фойдаланишга чекловлар жорий этилади.
Ню-Ёрк (АҚШ) Таълим департаменти кичик ва ўрта мактаб ўқувчиларига ўқув жараёнида сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланишни тақиқлашга қарор қилди. Бу ҳақда Американинг Политисо, Тҳе Даилй Невс ва Тҳе Нев Ёрк Тимес каби оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Уларнинг маълумотларига кўра, департамент ушбу тақиқни 2-сентабр куни эълон қилади ва у келаси ҳафтадан кучга киради. Сунъий интеллектдан айрим топшириқларни тайёрлашда фойдаланишга фақат 9-синфдан, яъни тахминан 13–14 ёшдан бошлаб рухсат этилади.
Манбаларнинг хабар беришича, янги қоидалар мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва бошланғич синф ўқувчилари учун таълим даргоҳларида гаджетлардан фойдаланишни ҳам чеклайди. Юқори синф ўқувчиларига ҳам ўқишда сунъий интеллектдан фақат "чекланган" даражада фойдаланишга рухсат берилади, бироқ улар айрим курсларда ва баъзи топшириқларни бажаришда ундан фойдаланишлари мумкин бўлади. Шу билан бирга, қоидаларда ўқувчиларнинг сунъий интеллектдан фойдаланиши қандай назорат қилиниши кўрсатилмаган.
Аввалроқ Ню-Ёрк ҳукумати ўқувчиларга бир қатор топшириқларни, жумладан, тадқиқот ва ижодий лойиҳаларни тайёрлашда сунъий интеллектдан фойдаланишга рухсат берувчи ҳужжатни тақдим этган эди. ОАВ ёзишича, бу кўплаб ота-оналар ва жамоатчилик танқидига сабаб бўлган.

