Нукусда ҳам АҚШ кўмагида Жамоат саломатлиги соҳасидаги фавқулодда вазиятлар операцион маркази очилди
Нукусда эпидемик хавфларни эрта аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган Жамоат саломатлиги соҳасидаги фавқулодда вазиятлар операцион маркази иш бошлади. Апрелда Термизда ҳам очилган бундай марказлар АҚШ ва ЮНИСЕФ кўмагида ташкил этилмоқда.

Нукусда ҳам АҚШ кўмагида Жамоат саломатлиги соҳасидаги фавқулодда вазиятлар операцион маркази ишга туширилди
4-ноябр куни Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида Жамоат саломатлиги соҳасидаги фавқулодда вазиятлар операцион марказининг очилиш маросими ўтказилди.
Таъкидланишича, ушбу тадбир мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисми ва ундан ташқарида юқумли касалликлар тарқалиши ҳамда жамоат саломатлиги соҳасидаги бошқа фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик кўриш ва уларга жавоб бериш имкониятини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Янги марказ соғлиқни сақлаш органларига пайдо бўлаётган таҳдидлар ҳақидаги дастлабки маълумотларни мувофиқлаштирилган амалий ҳаракатларга айлантиришда ёрдам беради.
Унинг операцион вазифалари қаторига ҳодисаларни бошқариш, фавқулодда вазиятларда жавоб чораларини ишга тушириш тартиб-таомиллари, вазиятни мониторинг қилиш ҳамда жамоат саломатлиги соҳасидаги фавқулодда вазиятларга тайёргарлик ва жавоб чораларига масъул ташкилотлар ўртасида ахборот алмашиш киради.
Марказ Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан АҚШ ҳукумати молиявий кўмаги ва ЮНИСЕФнинг техник ёрдами билан Глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлиги дастури доирасида ташкил этилди.
Ҳезер Бёрнс соғлиқни сақлаш хавфсизлигини кучайтиришда халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди.
“Фавқулодда вазиятларга пухта тайёргарлик нафақат Ўзбекистон, балки Қўшма Штатлар учун ҳам муҳимдир. Эпидемиялар давлат чегараларини тан олмайди. Шу боис глобал соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик барчамизни ҳимоя қилади”, — деди у.
2026-йил апрел ойида Термиз шаҳрида ҳам Жамоат саломатлиги соҳасидаги фавқулодда вазиятлар операцион маркази очилганди.
“Ушбу икки ҳудудий марказ мамлакат бўйлаб жамоат саломатлиги соҳасидаги фавқулодда вазиятларни бошқариш учун ўзаро боғланган тизимни шакллантириш йўлида эришилаётган тараққиётни кўрсатади”, — дейилади ваколатхона хабарида.
Ўзбекистоннинг 14 та маъмурий ҳудудида бундай марказларнинг ягона миллий тармоғини яратиш бўйича узоқ муддатли истиқбол ҳақида гапирди.
“Бундай тизимнинг узоқ муддатли самарадорлиги фақат бино ва жиҳозларга боғлиқ эмас. Самарали тайёргарлик учун маҳаллий ҳамжамиятларни жалб этиш, ишончли ахборот, хавф-хатарлар ҳақида хабардор қилиш ва ёлғон ахборотга қарши курашиш имкониятлари ҳам муҳим. Бу чоралар оилаларга хавф-хатарларни тушуниш, ҳимоя чораларини кўриш ва инқироз пайтида жамоат саломатлиги тизимининг жавоб чораларига бўлган ишончни сақлаб қолишда ёрдам беради”, — деб таъкидлади у.
Ботиржон Қурбонов эса институционал тайёргарлик ва мувофиқлаштиришни кучайтириш бўйича ҳукуматдаги устувор йўналишларни санаб ўтди.
“Устувор вазифамиз — миллий ва ҳудудий муассасаларни нафақат зарур инфратузилма, балки жамоат саломатлигига таҳдидларни эрта аниқлаш, самарали мувофиқлаштириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун ўз вақтида чоралар кўриш салоҳияти билан ҳам таъминлашдир”, — деди у.

