Нордистер бўрони соҳилбўйи сув тошқинларини келтириб чиқарди, Нью-Йорк ва Нью-Жерси фавқулодда ҳолат эълон қилди
Мэн штатидан Виржиниягача бўлган ҳудудда яшовчи ўн миллионлаб одамлар кучли бўрон йўлида қолмоқда.

Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатлари фавқулодда ҳолат эълон қилган бир пайтда, «нор’истер» (шимоли-шарқий бўрон) соҳилбўйи ҳудудларида сув тошқинларини келтириб чиқармоқда
Нью-Жерси штатидаги Серф-Сити сув тошқинидан зарар кўрган соҳилбўйи ҳудудларидан бири бўлди
АҚШ шимоли-шарқидаги ўн миллионлаб одамлар шу дам олиш кунлари кучли бўрон йўлида қолди. Бу бўрон аллақачон соҳилбўйи сув тошқинлари, электр энергияси узилишлари, транспорт қатновидаги узилишлар ва стадионлардаги тадбирларнинг бекор қилинишига сабаб бўлди.
АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати (NWS) маълумотларига кўра, «нор’истер» деб аталувчи ушбу бўрон шанба куни энг юқори чўққисига чиқиши кутилмоқда ва Нью-Йорк ҳамда Бостон каби шаҳарларга «хавфли соҳилбўйи тошқинлари ва пляж шароитларини, кучли шамол ва кучли ёмғирларни» олиб келади.
Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатларида фавқулодда ҳолат эълон қилинди, Нью-Жерсининг айрим ҳудудларида аллақачон соҳилбўйи тошқинлари кузатилмоқда. Виржиниядан Мэн штатигача бўлган ҳудудларда ёмғир ва кучли шамол бўлиши прогноз қилинмоқда.
Эд Шираннинг Бостонда интиқлик билан кутилган концерти бекор қилинган тадбирлар қаторида бўлди.
«Нор’истер» аллақачон кенг кўламли электр узилишларига сабаб бўлмоқда. Poweroutageus маълумотларига кўра, ҳозиргача қарийб 150 000 хонадон электр энергиясиз қолган.
Федерал авиация бошқармаси йўловчиларга парвозлар ҳолатини авиакомпаниялардан аниқлашни тавсия қилди. FlightAware хабарига кўра, 1100 дан ортиқ рейс кечиктирилган ва яна 400 таси бекор қилинган.
Шанба кунги тўлин ой соҳилбўйи тошқинларини янада кучайтириши кутилмоқда. Шанба куни Нью-Жерсининг соҳилбўйидаги Серф-Сити ва Манаскуан аҳоли пунктларида кўчалар ва уйларни сув босди.
«Мен барча Нью-Жерси аҳолисини ушбу бўронга жиддий ёндашишга, ҳушёр бўлишга ва маҳаллий кўрсатмаларга амал қилишга чақираман», деди губернатор Майки Шерилл.
NWS ўз огоҳлантиришида шундай деди: «Қирғоқ яқинидаги пасттекислик ҳудудларида, жумладан, сув остида қолган йўлларда жиддий сув тошқинларига, шунингдек, уйлар ва корхоналарга етадиган зарарларга зудлик билан тайёргарлик кўринг».
Нью-Йоркда расмийлар дам олиш кунлари давомида тезлиги соатига 55 милгача (86 км/соат) етадиган шамол эсишидан огоҳлантирмоқда, бу эса дарахтларни йиқитиши ва электр узилишларига сабаб бўлиши мумкин.
«Агар зарурат бўлмаса, саёҳат қилманг», деди мэр Зоҳран Мамдани аҳолига йўллаган видеомурожаатида. «Тошқин сувлари орқали машинада юрманг ва пиёда юрманг».
Бостон ҳудудида «Ред Сокс» бейсбол жамоаси «Чикаго Кабс»га қарши дам олиш кунларидаги ўйинлар сериясини якшанба кунидан кейинги жумага кўчирди.
«Нью-Йорк Ред Буллз» ва «Сент-Луис Сити» жамоалари ўртасидаги профессионал футбол учрашуви ҳам бекор қилинди.
Нью-Йоркнинг Марказий боғида бўлиб ўтиши ва унда Лорин Хилл, Уайклеф Жан ва Жон Леженд иштирок этиши керак бўлган Global Citizen Festival концерти ҳам қолдирилди.
Шираннинг Бостон ҳудудидаги Gillette стадионида режалаштирилган концерти хавфсизлик нуқтаи назаридан бекор қилинди, деб хабар берди тадбир ўтказиладиган жой маъмурияти.

