Нима учун Ҳиндистон Сайлов комиссияси яна танқидлар марказида қолди
Ҳиндистон сайлов комиссияси ўз раҳбарига қарши янги айбловлар фонида ишончнинг навбатдаги инқирозига дуч келмоқда.

Нима учун Ҳиндистон Сайлов комиссияси яна танқидлар остида қолди
Ҳиндистон мухолифат партиялари Бош сайлов комиссари Гянеш Кумарни истеъфога чиқишга чақирди.
Ҳиндистон Сайлов комиссияси (ECI) ўз раҳбари билан боғлиқ қонунбузарликлар тўғрисидаги янги айбловлар фонида навбатдаги ишонч инқирозига дуч келмоқда.
Дунёдаги энг йирик демократик давлатнинг энг ишончли давлат институтларидан бири бўлган уч аъзодан иборат ушбу орган Бош сайлов комиссари (CEC) Гянеш Кумар томонидан бошқарилади ва унинг таркибига комиссарлар Сухбир Сингх Сандху ҳамда Вивек Жоши киради.
Сўнгги можаро Indian Express газетасидаги хабардан сўнг бошланди, унда айтилишича, сўнгги бир неча ой ичида Бош сайлов комиссари Кумар сайловчилар маълумотлар базасининг яхлитлиги, янги сайловчиларни рўйхатга олиш жараёнига киритилган ўзгартиришлар ва сайлов рўйхатларининг хавфсизлиги масаласида ўз ҳамкасблари томонидан бир неча бор эътирозларга дуч келган.
Хабарга кўра, комиссарлар Сандху ва Жоши уларнинг хабарисиз қабул қилинган бир қанча қарорларга қарши чиқишган. Қўшимча қилинишича, сўнгги 10 ой ичида Сандху ва Жоши камида 14 марта хабардор қилинмай қолдирилган.
Бир ҳолатда, хабарда айтилишича, икки комиссар ҳатто Ҳиндистон ҳукуматининг энг юқори мартабали мулозими бўлган бош котибга шикоят хати юборган.
Ушбу маълумотларнинг ошкор бўлиши катта шов-шувга сабаб бўлди ва мухолифат етакчилари Кумарнинг истеъфосини талаб қилмоқда. Сандху ва Жоши ушбу хабар юзасидан оммавий равишда изоҳ беришмади, бироқ ECI ўз баёнотида «турлича қарашлар» «қарор қабул қилиш жараёни»нинг бир қисми эканини билдирди.
Ушбу хабар комиссия томонидан сайлов маълумотлар базасини умуммиллий миқёсда баҳсли тарзда қайта кўриб чиқиш амалга оширилаётган бир пайтда пайдо бўлди.
Сайлов комиссиясининг таъкидлашича, SIR аббревиатураси билан яхши маълум бўлган ушбу Махсус интенсив қайта кўриб чиқишдан мақсад рўйхатларда ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган номлар қолмаслигини таъминлашдир.
Унинг қайд этишича, аввалги қайта кўриб чиқиш деярли 25 йил олдин амалга оширилган ва вафот этган, мамлакатни тарк этган ёки янги манзилга кўчиб ўтгандан кейин бир нечта жойда рўйхатдан ўтган шахсларни акс эттириш учун сайловчилар рўйхатини янгилаш зарур.
Бироқ, бу жараён бошиданоқ баҳс-мунозараларга сабаб бўлди, мухолифат партиялари Бош сайлов комиссари Кумарни сайловлар пайтида Бош вазир Нарендра Модининг «Бҳаратия Жаната Партияси» (BJP) фойдасига сайловчилар рўйхатини сохталаштиришда айблади. BJP ҳам, Сайлов комиссияси ҳам бу айбловларни рад этди.
Шундай бўлса-да, сўнгги ошкор бўлган маълумотлар анча жиддий деб қаралмоқда, чунки улар Сайлов комиссиясининг ичидан туриб, унинг раҳбари қандай фаолият юритаётгани ҳақида билдирилган хавотирларни ўз ичига олади.
Indian Express хабарига кўра, Бош сайлов комиссари Кумар сўнгги ойларда сайловчилар маълумотлар базасининг яхлитлиги бўйича икки ҳамкасби томонидан бир неча бор сўроққа тутилган.
Бошиданоқ қайта кўриб чиқишнинг ишончлилигига шубҳалар мавжуд эди, бунинг натижасида Ҳиндистон бўйлаб 130 миллион исм сайловчилар рўйхатидан ўчирилди.
Миллионлаб сайловчилар ҳам расмий идораларга ўз исмлари йўқлигидан шикоят қилиб, сайловчи сифатида рўйхатдан ўтишнинг янги SIR жараёни жуда мураккаб эканини ва кўпчиликда йўқ бўлган ҳужжатларни талаб қилишини айтишди.
Ўзини «бошиданоқ SIR танқидчиси бўлганман» деб таърифлаган собиқ Бош сайлов комиссари С.Й. Қурайши PTI ахборот агентлигига комиссарлар Сандху ва Жошининг нима учун «жим турганига» доим ҳайрон бўлганини айтди.
«[Энди] тушундимки, улар жуда секин ва жимгина норозилик билдиришган, эслатмалар ёзишган. Бу яхши иш, уларга бўлган ҳурматим ошди», деди у.
Бу маълумотлар, шунингдек, SIR мухолифат сайловчиларини BJP фойдасига чиқариб ташлаш учун ишлатилаётганини ва Ҳиндистондаги сайловлар энди эркин ва адолатли эмаслигини бир неча бор таъкидлаб келаётган мухолифат партиялари ва танқидчиларга янги қурол берди.
Чоршанба куни ғазабланган мухолифат сиёсатчилари яна бир бор Ҳиндистондаги сайлов жараёнининг ҳалоллигини шубҳа остига олишди ва Бош сайлов комиссари Кумарнинг лавозимида қолишга ҳаққи йўқлигини айтиб, унинг истеъфосини талаб қилишди, баъзилари эса ҳатто уни ҳибсга олишга чақирди.
Бу ҳужумга Конгресс партиясининг катта раҳбари ва депутат Раҳул Ганди бошчилик қилди, у комиссияни бир неча бор «мухолифатдан овозларни ўғирлашда» айблаган. Чоршанба куни у комиссия ва унинг ходимларини «давлатга хиёнат»да ҳам айблади.
«Овоз ўғирлаш (chori) Ҳиндистон халқига қарши жиноят ва конституциямизга тўғридан-тўгʻри ҳужумдир. Буни ташкил қилган BJP, RSS [Раштрия Сваямсевак Сангҳ] ва Сайлов комиссияси давлатга хиёнат қилди. Адолат қарор топади», деб ёзди у X ижтимоий тармоғида. У шунингдек, комиссия ва унинг ходимларига қарата «вақтингиз келади. Қутулиб қола олмайсиз» деган 15 сониялик видеони улашди.
Минтақавий «Мамата Бутунҳиндистон Тринамул Конгресси» етакчиси Мамата Банержи Кумарни ҳибсга олишга чақирди ва яқинда бўлиб ўтган сайловларда BJPга бой берган Ғарбий Бенгалияда SIRдан олдинги сайловчилар рўйхатидан фойдаланган ҳолда янги сайловлар ўтказишни талаб қилди. SIR пайтида штатда камида 2,7 миллион сайловчи рўйхатдан ўчирилган — Банержи ва унинг тарафдорлари бу уларга ўнлаб ўринлар ва сайловдаги ғалабага қимматга тушганини айтишмоқда.
Indian Express хабари ва мухолифат баёнотларидан бир неча соат ўтгач, Сайлов комиссияси ўз ёндашувини ҳимоя қилиб баёнот берди.
«Турлича қарашлар ва кузатувлар исталган муассасадаги муҳокамаларнинг нормал қисмидир. Улар якуний қарор қабул қилинишидан олдинги қарор қабул қилиш жараёнининг бир қисмидир.
Нафақат уч комиссар, балки комиссиянинг ҳар бир ходими сайлов тизимини такомиллаштириш бўйича комиссияга ўз таклифларини беришга тўлиқ ваколатлидир», дейилади баёнотда.
Баёнотда қайд этилишича, «анча кенгроқ тасдиқлар, қарорлар, кўрсатмалар ва ташаббусларни эътибордан четда қолдириб, 10 ойлик давр ичидаги айрим аниқ ички эслатмалар ва кузатувларга» эътибор қаратиш манзаранинг фақат бир қисмини тақдим этади.
Шунингдек, унда сўнгги ойларда комиссия «40 га яқин янги ташаббусларни жорий этгани ва бутун мамлакат бўйлаб сайловчилар рўйхатини қайта кўриб чиқишни (жумладан, SIR) ўз ичига олган кўплаб сайлов ислоҳотларини амалга оширгани» айтилган. «Бу қарорларнинг барчаси ўтган бир йил давомида тўлиқ комиссиянинг бир овоздан қабул қилган қарорлари натижасидир».
BJP ҳам Бош сайлов комиссари Кумарни қўллаб-қувватлаб, мухолифатнинг танқидини «қоралаш кампанияси» деб атади ва келишмовчиликни «жонли демократия белгиси» деб таърифлади.
Партия матбуот котиби Самбит Патра матбуот анжуманида «2014 йилда Моди ҳукумати ҳокимиятга келганидан бери мухолифат партиялари бирин-кетин қуламоқда», деди. Улар сайловларда ғалаба қозона олмаганликлари сабабли «мамлакат институтларига путур етказишга» ҳаракат қилмоқдалар, деди у.
Бироқ сайлов маълумотлар базаси бўйича баҳслар янада чуқурлашиши мумкин. Банержи мухолифат партиялари Кумар Бош сайлов комиссари бўлиб қолгунга қадар норозилик намойишларини давом эттиришини айтди.
Яқинда таълим вазирини истеъфога чиқишга мажбур қилган Ҳиндистоннинг нуфузли, Z авлоди етакчилигидаги «Кокроч Жаната Партияси» (CJP) ҳам «Ҳиндистон демократиясининг ўғирланиши»га қарши норозилик билдиришини маълум қилди.
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Сайлов комиссиясининг ҳимояси кўпчиликни қониқтириши даргумон, баъзилар унинг баёнотида газета хабарида кўтарилган барча масалалар ҳал этилмаганини ва «агар комиссияни холис орган сифатида кўришни истасак, Бош сайлов комиссари Кумар вазиятга ойдинлик киритиши керак»лигини таъкидламоқда.

