Немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш икки баробарга оширилади
Келаси йил 10 минг кишини касб ва немис тилига ўргатиб, Германияда ишга жойлаштириш белгиланди

Немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш икки баробарга оширилади
Вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига «Интил» халқаро ўқув маркази тажрибасини ўрганиб, келаси йили ҳар бир ҳудудда ягона миграция марказини очиш вазифаси юклатилди. Шу мақсадда ҳар бир вилоятга 8 миллиард сўмдан ажратилади. Келаси йил 10 минг кишини касб ва немис тилига ўргатиб, Германияда ишга жойлаштириш режалаштирилди.
– Ёшларга инглиз тилини қандай ўргатаётган бўлсак, немис тили бўйича ҳам шундай ёндашув керак, – деди Президентимиз.
Шу мақсадда келаси йил мактаб ва техникумларда немис тилидан дарс бериш учун 500 нафар тил эгаси жалб қилинади. Олий таълим муассасаларида немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича давлат буюртмасини келаси ўқув йилидан икки карра ошириш топширилди.
Германия, Япония ва Кореянинг йирик компаниялари ўзларига зарур мутахассисларни Ўзбекистон техникумларида тайёрлашга қизиқиш билдирмоқда. Улар ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, таълим муассасаларини жиҳозлашга сармоя киритишга ҳам тайёр. Президентимиз бир ойда 20 та техникумни танлаб, келгуси йилдан уларни хорижлик иш берувчилар талаби асосида кадр тайёрлашга мослаштиришни топширди.

