Немис журналисти фейк аккаунт очиб, Путинни мақтагач, Россия агентларидан топшириқлар олди

Немис журналисти сохта аккаунт очиб, Путинни мақтаганидан сўнг Россия агентларидан топшириқлар олди
Немис журналисти Ангелике Герай Россиянинг Германиядаги яширин агентлари қандай ишлашини аниқлашга қаратилган суриштирув доирасида ижтимоий тармоқларда ўзини Владимир Путин мухлиси сифатида кўрсатди. Бу ҳақдаги филм сентябр ойи бошида Германиянинг “РТЛ” телеканалида намойиш этилди.
Герай бир неча ой давомида рақамли сохта шахс яратиш устида ишлади. “Катя” тахаллуси остида у ўзини россияпараст инфлюенсер сифатида кўрсатиб, ижтимоий тармоқларда аудиторияни табиий йўл билан тўплаш ва алоқалар ўрнатишга уринди.
“Катя” телняшка (Россия Қуролли кучлари формаси) кийиб, Путиндан ҳайратланишини билдирган ва Бундестаг атрофида Россия байроғи билан юрган видеолар жойлаган. Тез орада унга Россия агентлари чиқиб, топшириқлар бажаришни таклиф қилган, бунинг учун тўлов биткоинларда амалга оширилган.
Суриштирув давомида Герай ва “РТЛ”нинг бошқа журналистлари агент ёллаш жараёнининг ичига киришга муваффақ бўлган. Бошланғич даражадаги янги агентларга оддий топшириқлар берилган, жумладан, суратга олиш, почтани қабул қилиш, СИМ-карта олиш. Бироқ кейинчалик янада жиддийроқ вазифалар юкланган. Бошланғич даражадаги агентлар бу топшириқларнинг фақат бир қисмидан хабардор бўлган.
Операция бошланганидан бироз вақт ўтгач, “Катя”нинг профили “Сара Вагенкнехт иттифоқи” аъзоси Ёвица Ёвичнинг эътиборига тушган. “РТЛ” телеканали уни “Германиядаги россияпараст саҳнадаги энг машҳур шахслардан бири” деб атайди. У “Катя”га учрашишни таклиф қилган ва учрашувда ўзининг россияпараст фаолияти ҳақида гапирган. Ёвич Россия махсус хизматлари билан ишлашига ишора қилган.
Ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини Москвадаги махсус хизматлар мувофиқлаштириб турадими, деган саволга Ёвич қуйидагича жавоб берган:
“Буни ҳеч ким билмайди. Назарий жиҳатдан билмайман. Амалда эса биламан”.
Кейинчалик Ангелике Герай у билан мухбир сифатида, ўзининг ҳақиқий исми билан суҳбатлашганида, у Россияни қўллаб-қувватловчи кампанияда иштирок этишини рад этганди. “РТЛ”нинг таъкидлашича, Герай “Катя”нинг сохта шахс эканини очиқчасига тан олганида, унга овозли почта орқали “Қочишга уринсанг, ўқ ейсан!” деган таҳдидли хабар келган.
Германияда сўнгги пайтларда Россия томонидан уюштирилган қўпорувчилик ва дезинформация кампанияларига эътибор кучаймоқда. Сўнгги ҳафталардаги энг машҳур воқеа Лейпсигда содир бўлди, ўшанда портловчи моддалар билан тўлдирилган дронлар Украина транспорт самолётига ҳужум қилишга уринганди. Германия расмийлари масъулиятни расман Россия зиммасига юклаган ва бунга жавобан Берлиндаги “Рус уйи” ҳамда Бонндаги Россия консуллигини ёпган.

