Нега Тошкентда уйлар нархи қайта баҳоланди? Сабаблар, оқибатлар ва солиқларга таъсири ҳақида суҳбат
Тошкент шаҳрида кўп квартирали уй ва ҳовлилар нархлари қайта ҳисобланиб, бозорга яқин нарх шакллантирилди. 2 ой давомида мулкдорлар натижа бўйича ўз фикр ва эътирозларини билдириши мумкин. Kun.uz оммавий баҳолаш юзасидан аҳолида туғилаётган саволларга Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази расмийларидан жавоб олди.

**Нега Тошкентда уйлар нархи қайта баҳоланди? Сабаблар, оқибатлар ва солиқларга таъсири ҳақида суҳбат**
Пойтахтда кўчмас мулкни оммавий баҳолаш ишлари ўтказилди. Энди баҳолашнинг дастлабки натижалари мулкдорлар учун очиқ. Фуқаролар ўз уй-жойи қанчага баҳоланганини кўриб, натижа юзасидан ўз фикр ва эътирозларини my.gov.уз орқали билдиришлари мумкин. Бу жараён фақат кўп қаватли уйлардаги квартираларга эмас, балки ҳовли уй-жойларга ҳам тегишли. Яъни Тошкентда кўчмас мулкка эга бўлган ҳар бир фуқаро ўз мулкининг оммавий баҳолаш натижасини кўриб чиқиб, ундаги маълумотлар ёки белгиланган қиймат бўйича мурожаат қилиши мумкин. Муҳокамалар 5-сентабрдан бошланди ва яна 2 ой давом этади.
Хўш, нега кўчмас мулк қайта баҳоланди? Уйларнинг қиймати қандай ҳисобланмоқда? Баҳолашда хатолик бўлса, мулкдор уни қандай ўзгартириши мумкин? Ва кўпчиликни қизиқтираётган энг муҳим саволлардан бири — қайта баҳолаш натижасига кўра мол-мулк солиғи ошадими?
- Эълон қилинган энг асосий рақамлардан бири шуки, Тошкентда қарийб 600 мингта квартиранинг амалдаги кадастр қиймати 57,18 триллион сўм, оммавий баҳолашдан кейинги қиймати эса 426,17 триллион сўм бўлгани айтилди. Бу амалдаги қийматдан 7,4 баробар фарқ қилади. Нима учун баҳолаш ўтказилгани ҳақида гапиришдан олдин, аввал шу тафовутни тушуниб олайлик. Бундай фарқ қандай юзага келди ва унинг асосий сабаби нимада?
- Тошкент шаҳрида бугунги кунда қарийб 605 мингта квартира, яъни кўп квартирали хонадонлар оммавий баҳоланди ва айтганингиздек, уларнинг қиймати 7,4 баробарга ошди. Бу натижа нимадан келиб чиқди? 2018-йилда дастлаб бозорга яқинлаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилган. Яъни 2018-йилдан бошлаб инвентар қийматдан кадастр қийматига ўтилган. Кадастр қиймати инвентар қийматга нисбатан тўрт-беш баробар фарқ қилган. Лекин у бугунги кундаги бозор динамикаси, урбанизация жараёнларининг жадаллашиши, қурилиш бозоридаги конюнктура ўзгаришлари ва иқтисодиёт ҳажми ўсишини акс эттирмаган. Ушбу амалдаги кадастр қийматини аниқлаш тартибига мувофиқ, фақатгина ушбу кўчмас мулк обьектининг қурилган йили, девор материали, қаватлилиги инобатга олинган, аммо жойлашув жойи ҳисобга олинмаган. Яъни Вазирлар Маҳкамаси қарори билан бир квадрат метр учун қатъий сумма белгиланган. Энг катта миқдордаги сумма бу 1 900 000, бир квадрат метр учун. Кўриб турибмизки, бугунги кунда Тошкент шаҳрида 1 900 000 сўмга бир квадрат метр уй сотиб ололмайсиз. Янги услубиётимиз бўйича бозорга яқин бўлган қийматни аниқладик. Яъни амалдаги олди-сотди шартномалари ёки риелтор маълумотларига қараб таҳлил қилинганда, ушбу баҳо келиб чиқди. Шу боис, сиз айтган 7,4 баробар фарқ юзага келди.

