Нега 500 эмас, 350 кВҳ? Вазир ўринбосари изоҳ берди
Газсиз аҳоли учун иситиш мавсумида электр энергиясининг оширилган базавий меёрини 350 кВҳ деб белгилаш таклиф этилмоқда. Kun.uz мухбири нега 500 кВҳ эмас, деган савол билан иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоевга юзланди. Унинг айтишича, газлашмаган ҳудудлардаги 60 фоиз аҳоли қиш пайтида ойига 300 кВҳъгача электр энергияси ишлатади ва шу сабабли 350 кВҳ таклиф этилмоқда.

Нега 500 эмас, 350 кВҳ? Вазир ўринбосари изоҳ берди
Ўзбекистонда газлаштирилмаган ва табиий газ етиб бориши қийин ҳудудларда яшовчи аҳоли учун электр энергиясининг базавий меёрини амалдаги 200 кВҳ дан иситиш мавсумида 350 кВҳ га ошириш таклиф қилинмоқда. Шу ҳақдаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган.
Kun.uz мухбири 14-октабр куни ўтказилган матбуот анжуманида нега айнан 350 кВҳ таклиф этилаётгани, меёрни 500 кВҳ гача ошириш масаласи кўриб чиқилганми-йўқми, деб сўради.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоев танланган таклифга икки сабабни келтирди:
“Ҳозирги кунда эҳтиёжманд оилалар учун 200 кВҳ дан кейин яна 150 кВҳ гача энергия истеъмолининг базавий нарх билан фарқи Ижтимоий ҳимоя агентлиги томонидан қоплаб берилади. Айнан шу кам таъминланганларга берилган ҳуқуқдан келиб чиқиб, [газлашмаган ҳудудлар учун иситиш мавсумида] 350 кВҳ кўзда тутилмоқда.
Иккинчи сабаби, биз ҳар бир газлашмаган ҳудудда ҳар бир хонадон бўйича қиш пайтида электр энергияси сарфини таҳлил қилдик. Унга асосан, газлашмаган ҳудудларда яшовчи 60 фоиз аҳоли қиш пайтида ойига 300 кВҳ гача электр энергиясидан фойдаланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, бир ойлик базавий меёр сифатида 350 кВҳ белгилаш таклиф қилиняпти”.
Kun.uz мухбири чегирма қўлланиладиган аҳоли доираси ҳақида ҳам савол берди.
“Ҳозирги кунда табиий газ олмайдиган хонадонлар сони 4 миллионга яқин, улар суюлтирилган газ олади. Бундан ташқари, газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда 600 мингдан кўпроқ истеъмолчи мавжуд – уларга қиш пайтида газ бир маромда берилмайди: мисол учун, газ бугун бўлиши мумкин, эртага пасаяди, учинчи куни яна бўлмайди. Шундан келиб чиқиб улар учун ҳам электр энергиясининг базавий нормасини иситиш мавсумида 350 кВҳ этиб белгилаш таклиф этилган”, деди вазир ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда аҳолининг ойига 200 кВҳ гача истеъмоли 650 сўмдан, 201–500 кВҳ оралиғидаги истеъмоли эса 900 сўмдан тарификация қилинади.

