Газлашмаган ҳудудлар учун электр энергиясига имтиёзли тарифлар ишлаб чиқилади
2027-йил февралгача табиий газ мавжуд бўлмаган ва иситиш мақсадида электр энергиясидан фойдаланиб келаётган истеъмолчилар учун электр энергиясининг имтиёзли тарифларини белгилаш кўзда тутиляпти. Шунингдек, газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларни электрлаштириш учун халқаро молия институтлари билан музокаралар ўтказилиши ва электрлаштириш консепсияси ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Газлаштирилмаган ҳудудлар учун электр энергиясига имтиёзли тарифлар ишлаб чиқилади
«Ёқилғи-энергетика тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари» ҳақидаги президент фармони қабул қилинди. Фармонда газ етиб бормаган ҳудудлар учун электр энергиясига имтиёзли тарифларни жорий этиш вазифаси белгиланган.
Ҳужжатда табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларни электрлаштириш юзасидан халқаро молия институтлари билан музокаралар олиб бориш назарда тутилган. Шунингдек, халқаро молия институтларининг техник ёрдами асосида тажрибали консултантларни жалб қилиш режалаштирилмоқда. Улар билан бирга табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларни электрлаштириш консепсияси ишлаб чиқилади. 2027-йил февралигача:
- электрлаштириладиган истеъмолчилар, шунингдек, табиий газ таъминоти мавжуд бўлмаган ва иситиш учун электр энергиясидан фойдаланиб келаётган истеъмолчилар учун электр энергиясининг имтиёзли тарифларини белгилаш;
- электрлаштириш натижасида алмаштириладиган энергия самарадорлиги юқори бўлган маиший техникаларни харид қилишда қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этишдан иборат электрлаштириш консепсияси тайёрланиши керак.
Лойиҳа 2027-йил апрелгача ҳукуматга тақдим этилиши режалаштирилган. Ушбу йўналишдаги ишлар учун масъул ижрочилар сифатида Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Энергия самарадорлиги миллий агентлиги кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024-йил октабрида собиқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов газлаштирилмаган ҳовлилар учун ҳам электр энергияси тарифларига 50 фоизлик чегирма бериш бўйича топшириқ берилганини айтганди.
Кейинроқ бу борада тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳам маълум қилинган эди.
2025-йил октабрида эса ушбу ташаббус босқичма-босқич амалга оширилиши, айрим ҳудудларда пилот лойиҳа синовдан ўтказилиши хабар қилинганди.

