“Наврўз” боғи ёнидаги ер участкалари ауксионга қўйилди. Ҳудуднинг бир қисмида жамоат боғи ташкил этилиши белгиланган
Тошкент шаҳридаги Шароф Рашидов кўчасида, ъНаврўзъ боғи ва Германия элчихонаси яқинида жойлашган умумий майдони 3,2 гектар бўлган иккита ер участкаси Э-Ауксион савдоларига қўйилди. Ваҳоланки, ҳукумат қарорига мувофиқ, мазкур ҳудуднинг бир қисмида жамоат боғи ташкил этилиши белгиланган.

“Наврўз” боғи ёнидаги ер участкалари ауксионга чиқарилди. Ҳудуднинг бир қисмида жамоат боғи барпо этилиши белгиланган
Тошкентдаги “Наврўз” боғи ҳамда Германия элчихонаси яқинидаги ҳудуд Э-Ауксион электрон савдо платформасида икки лот кўринишида сотувга қўйилди.
Ауксион маълумотларига кўра, биринчи лот Шароф Рашидов кўчаси, 13-уй манзилида жойлашган. У 38 квадрат метрлик нотурар бино ва 2 гектар ер участкасидан иборат. Бошланғич нархи 436,3 млрд сўм этиб белгиланган.
Шароф Рашидов кўчаси 13А-уй манзилидаги иккинчи обьект эса 10 квадрат метрлик бино ва 1,2 гектар ер участкасидан иборат бўлиб, қарийб 223,9 млрд сўмга баҳоланган.
Шу тариқа, икки лотнинг умумий бошланғич нархи қарийб 660,2 млрд сўмни ташкил этади.
Э-Ауксион платформасида обьектлар нотурар бинолар сифатида кўрсатилган. Аммо лотларга бириктирилган паспортларда улар “нотурар бино (“Наврўз маданият ва истироҳат боғи)” деб қайд этилган.
Лотлардан бирига Шароф Рашидов кўчаси 13-уй манзилидаги обьектни баҳолаш ҳисоботи ҳам илова қилинган. Унда баҳоланаётган обьект “Наврўз” маданият ва истироҳат боғининг кўчмас мулки экани ёзилган. Ҳужжатда баҳолашдан кўзланган мақсад обьектни очиқ савдолар орқали сотиш экани кўрсатилган.
Хусусийлаштиришга президентнинг 2026-йил 28-августдаги иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш тўғрисидаги ПФ-177-сонли фармони асос қилиб олинган. Ҳар икки обьект фармоннинг 3.14-иловасига 39 ва 40-рақамлар билан киритилган. Ушбу иловада 2026−2027-йилларда очиқ савдоларга чиқарилиши белгиланган Тошкент шаҳридаги давлат кўчмас мулк обьектлари рўйхати берилган.
Ҳужжатда иккала обьектнинг балансда сақловчиси сифатида Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки обьектларидан самарали фойдаланиш марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси кўрсатилган.
Бироқ хусусийлаштириш ҳақидаги фармонда ушбу обьектларнинг “Наврўз” боғига алоқадорлиги тилга олинмаган.
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси обьектларнинг сотувга қўйилишига изоҳ берар экан, улардан бирининг ер участкасида жамоат боғи ташкил этилиши кераклигини маълум қилди.
Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 28-февралдаги 83-сонли қарорида назарда тутилган. Ҳужжатга кўра, Тошкентнинг тўққизта туманида умумий майдони 139,6 гектар бўлган жамоат боғларини ташкил этиш белгиланган.
Қарор иловасида шундай ҳудудлардан бири сифатида Юнусобод туманидаги “Матонат” маҳалласида жойлашган 1,6 гектар ер участкаси кўрсатилган. Унинг чегаралари географик координаталар орқали белгиланган.
“Бу ҳудудда ҳукумат қарорига мувофиқ жамоат боғи ташкил этилишини таъминлаш зарур”, — дея таъкидлади Урбанизация миллий қўмитаси.
Э-Ауксион платформасидаги ҳар икки лот маълумотларида ер участкаларидан фойдаланишнинг асосий йўналиши сифатида хизмат кўрсатиш фаолияти белгиланган. Бироқ савдо шартларида 1,6 гектар майдонда жамоат боғи ташкил этиш талаби мавжуд эмас.

