«Навоийуран» ва Marubeni уран қазиб олишни рақамлаштиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон компанияси ва Япониянинг Marubeni компанияси уран қазиб олиш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш учун сунъий интеллект ва рақамли ечимларни қўллаш масаласини кўриб чиқдилар.

«Навоийуран» ва Marubeni уран қазиб олишни рақамлаштиришни муҳокама қилди
«Навоийуран» давлат корхонаси ва Япониянинг Marubeni Corporation компанияси уран қазиб олиш жараёнларига рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллектга асосланган ечимларни жорий этиш имкониятларини кўриб чиқди. Компаниялар вакилларининг онлайн ишчи учрашуви 2026 йил 2 ноябрь куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Навоийуран» ДК матбуот хизмати хабар беради.
Музокараларда Marubeni компаниясининг рақамли ва технологик ечимларни ишлаб чиқишга ихтисослашган шўъба корхонаси — Dolbix Consulting ҳам иштирок этди.
Томонлар замонавий технологиялардан фойдаланиш ҳисобига ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имкониятларига эътибор қаратдилар. Хусусан, гап ишлаб чиқариш жараёнларини мақбуллаштириш, технологик ускуналардан фойдаланишни такомиллаштириш, қудуқларни рақамлаштириш ва маҳсулдор эритмаларни қайта ишлашни автоматлаштириш ҳақида борди.
Учрашув иштирокчилари, шунингдек, саноат маҳсулотларини чиқаришда илғор технологик ечимларни қўллаш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликнинг салоҳиятли йўналишларини белгилаб олдилар ва биргаликдаги ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Муҳокама «Навоийуран»нинг ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш учун технологик ечимларни излаш доирасида бўлиб ўтди. Шу билан бирга, корхона хабарида аниқ лойиҳалар, уларни амалга ошириш муддатлари ва мумкин бўлган инвестициялар ҳажмига аниқлик киритилмаган.

