Навоийда “яшил” техникум фаолияти йўлга қўйилади

Навоийда “яшил” техникум фаолияти йўлга қўйилади
Навоий вилоятида “яшил” иқтисодиёт учун малакали ўрта бўғин кадрларини тайёрлашга ихтисослашган техникум иш бошлайди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 8-сентябрдаги қарорида белгилаб қўйилди.
Қарорга мувофиқ, Навоий вилояти “яшил” техникуми Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги тизимида давлат муассасаси шаклидаги касбий таълим ташкилоти ҳисобланади. Техникум Кармана туманидаги Дўрмон маҳалласида, Янгиҳаёт кўчаси 1а-уйдаги бино ва иншоотларга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.
Мазкур техникумда меҳнат бозори талаблари ҳамда “яшил” иқтисодиёт учун зарур мутахассислар тайёрланади. Ўқувчиларда энергия самарадорлиги, ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш ва экологик маданият бўйича кўникмалар шакллантирилади. “Яшил” кўникмаларга оид мавзулар ўқув дастурларига киритилади.
Шунингдек, “яшил” технологияларни жорий этган корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Таълим жараёнига соҳа корхоналари мутахассислари, олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчилари ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш, нуфузли хорижий таълим ташкилотлари билан қўшма таълим дастурларини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Техникумга умумий ўрта таълим мактаблари битирувчилари давлат гранти ва тўлов-контракт асосида қабул қилинади. Ўқув жараёни бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида ташкил этилади. Шунингдек, меҳнат бозори эҳтиёжлари ва иш берувчилар таклифидан келиб чиқиб, қисқа муддатли касб, мутахассислик, малака ва хорижий тиллар бўйича курслар ташкил этилади.
Техникумнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқув-методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва таълим сифатини ошириш мақсадида у Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетига — Греен Университйъга бириктирилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига бир ой муддатда техникумда ўқув жараёнини ташкил этиш ва таълим сифатини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Техникумнинг устави 2026-йил 15-сентябрга қадар тасдиқланиши керак.
2026/27-ўқув йилидан “яшил” иқтисодиёт учун зарур бўлган ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш бошланади. 2026/27-ўқув йили учун абитуриентларни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида қабул қилиш муддати эса 1-октябргача узайтирилди.
Бундан ташқари, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси техникумда ўқитиладиган касб ва мутахассисликлар бўйича ҳудуддаги корхона ва ташкилотларни саноат ҳамкори сифатида бириктиради. 2027/28-ўқув йилидан техникумда халқаро таълим дастурини жорий қилиш чоралари кўрилади.

