Навоий вилоятида ковракдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Экополицияси ходимлари томонидан Навоий вилоятида ўсимликлардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини

Навоий вилоятида ковракдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Экополицияси ходимлари Навоий вилоятида ўсимликлардан ноқонуний фойдаланишни аниқлаш ва олдини олиш мақсадида рейд тадбирлари ўтказди. Ушбу рейд давомида Нурота туманининг "Қизилча" маҳалласидаги тоғ массивида сассиқ ковракни ноқонуний йиғиб олиш ҳолати аниқланди.
Маълум бўлишича, Сурхондарё вилояти Узун тумани фуқароси Ч.Х. раҳбарлигида фуқаролар Ч.А. ва Э.Б. ёлланма ищилар гуруҳи билан биргаликда ёввойи ўсимликларни ноқонуний кесиш ва уларнинг ширасини йиғиш билан шуғулланган. Натижада жами 7 500 туп сассиқ коврак ўсимлигига зарар етказилган.
Ҳуқуқбузарлардан электрон тарози, ўсимликларни кесиш ва ширасини йиғиш учун мўлжалланган 9 дона ўткир пичоқ, шунингдек, таркибида қум аралашмаси бўлган 2 070 грамм шира ва 220 грамм тоза шира ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Олиб қўйилган ашёлар бўйича тегишли далолатнома тузилди.
Қонунчиликка мувофиқ ҳисоб-китобларга кўра, ёввойи ҳолда ўсувчи тожик кавракларининг ноқонуний зарарлантирилиши натижасида табиатга етказилган зарар 3 миллиард 90 миллион сўмни ташкил этди.
Бундан ташқари, текширув давомида "Ф.Э. К." МЧЖ ҳудудида ҳуқуқбузар Ч.Х. томонидан вақтинча яшаш учун мўлжалланган 9 та енгил конструксия ноқонуний ўрнатилгани аниқланди. Нурота тумани ички ишлар органлари ходимлари иштирокида мазкур конструксиялар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳудуддан олиб чиқилди.
Рейд тадбирлари давомида тўпланган материаллар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва чора кўриш мақсадида тегишли ташкилотларга юборилди.

