НАСАънинг Х-59 самолёти товуш тезлигидан ошди
НАСАънинг Х-59 экспериментал товушдан тез учувчи самолёти 25-синов парвозини муваффақиятли амалга оширди. Парвоз вақтида самолёт 15 километр баландликда соатига 1200 километрдан юқори тезликка эришди.

НАСАънинг Х-59 самолёти товуш тезлигидан юқори тезликка чиқди
Синов жараёнида Х-59 нафақат юқори тезликка эришди, балки унинг барқарорлиги, бошқарувчанлиги ва конструксияга тушадиган юкламалар бўйича ҳисоб-китобларда белгиланган асосий кўрсаткичлар ҳам тасдиқланди.
Аммо ушбу парвоздаги энг муҳим натижа самолётнинг тезлиги эмас. НАСА учун асосий масала Х-59 товушдан тез учганда ерда қанчалик паст шовқин ҳосил қилиши ҳисобланади.
Одатда самолёт товуш тезлигидан ошганда зарба тўлқинлари пайдо бўлади ва ерда жуда кучли портлашга ўхшаш овоз — “соник бум” эшитилади. Айнан шу кучли шовқин аҳоли яшайдиган ҳудудлар устидан тижорий товушдан тез самолётлар парвозига тўсқинлик қилиб келган асосий омиллардан бири саналади.
Х-59 эса шу муаммони бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган. Муҳандислар самолёт конструксиясини шундай яратганки, анъанавий кучли товуш зарбаси ўрнига ерда анча паст, енгил бўғиқ зарбага ўхшаш овоз эшитилиши керак.
Синов натижалари Х-59 уни ишлаб чиқувчилар белгилаган ҳисоб-китоб кўрсаткичларини босқичма-босқич тасдиқлаётганини кўрсатмоқда.
Кейинги муҳим босқич самолётнинг акустик изини аниқ ўлчаш бўлади. Бу синовларни 2026-йилнинг кейинги ойларида бошлаш режалаштирилган.
Бунинг учун тадқиқотчилар ерда махсус датчиклар тармоғини ўрнатади. Шунингдек, ҳаводаги платформаларга микрофонлар жойлаштирилади. Улар Х-59 товушдан тез ҳаракатланган пайтда юзага келадиган зарба тўлқинларини ўлчайди.
Тўпланган маълумотлар мутахассисларга Х-59ънинг товушдан тез парвоз пайтидаги аниқ акустик хусусиятларини аниқлаш имконини беради.
НАСАънинг Қуесст миссияси доирасидаги акустик синовлар бўйича техник раҳбар Ларри Клиаттнинг айтишича, бу босқич нафақат самолётнинг ўзи, балки уни яратишда қўлланган муҳандислик усуллари ва воситалари учун ҳам муҳим синов бўлади.
Унинг фикрича, ушбу технологиялар келажакда тижорий товушдан тез учувчи самолётларни лойиҳалашда асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Шу билан бирга, Х-59 олдида ҳали мураккаб синов парвозлари турибди. Уларнинг асосий вазифаси самолёт ҳақиқатан ҳам уни яратишдан кўзланган мақсад — анъанавий “соник бум”га нисбатан анча паст товуш ҳосил қила олишини исботлашдан иборат.
Агар ерда ўтказиладиган акустик синовлар Х-59 ҳосил қиладиган зарба товуши аҳоли яшайдиган ҳудудлар устидан парвоз қилиш учун етарлича паст эканини кўрсаца, НАСА кейинги босқичга ўтади.

