Наманган вилоятида қиймати 140 миллион доллардан ортиқ бўлган чиқиндиларни қайта ишлаш заводи қурилади

Наманган вилоятида қиймати 140 миллион доллардан ортиқ бўлган чиқиндиларни қайта ишлаш заводи қурилади
Наманган вилоятининг Чуст туманида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва электр энергияси ишлаб чиқариш корхонаси қурилиши давом этмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 141,5 миллион долларни ташкил этади.
Лойиҳа "Зарафшон" маҳалласи ҳудудида Everbright Environmental Energy Namangan компанияси томонидан хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Корхона ишга туширилгач, йилига 547,5 минг тонна маиший чиқиндини қайта ишлаш ва 310 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Ушбу ҳажмдан 254 миллион киловатт-соатини электр тармоқларига узатиш режалаштирилган. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, бу миқдордаги электр энергияси қарийб 300 минг аҳолининг йиллик эҳтиёжини қоплаш учун етарли бўлади.
Бундан ташқари, завод 180 кишини доимий иш билан таъминлайди.
Аввалроқ Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон ҳудудларида шу каби 11 та завод қурилишини маълум қилган эди.

