Иқтисодиёт

Муомаладаги нақд пул миқдори 76 трлн сўмдан ошди. Бу нимани англатади?

1-август ҳолатига Ўзбекистонда муомаладаги нақд пуллар ҳажми 76,3 трлн сўмни ташкил қилди. Бу рекорд кўрсаткичдир. Нақд пуллар абсолют миқдорда сезиларли даражада ўсаётган бўлса-да, унинг умумий пул массасидаги улуши изчил камайиб боряпти. 2013-йилда нақд пулнинг умумий массадаги улуши 23,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2025-йилда бу кўрсаткич 18,9 фоизга, 2026-йил августига келиб эса 17,5 фоизгача пасайган.

Ўзбекистонда муомаладаги нақд пул миқдори 76 триллион сўмдан ошиб, рекорд даражага етди. Бу ҳолат нимани англатади?

Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонда кенг маънодаги пул массаси июл ойида 9,4 триллион сўмга кўпайиб, 1-август ҳолатига 434,5 триллион сўмга етган.

Хусусан, миллий валютадаги пул массаси 7,3 триллион сўмга ошиб, 361,2 триллион сўмни ташкил этди. Шунингдек, чет эл валютасидаги депозитлар қолдиғи 2 триллион сўмга, тор маънодаги пул массаси эса 1,4 триллион сўмга кўпайган.

**Тор маънодаги пул массаси** иқтисодиётда энг тез ва осон сарфлаш мумкин бўлган пулларни англатади. Унга одатда аҳоли ва корхоналарнинг нақд пуллари, шунингдек, банклардаги талаб қилиб олингунча депозитлар (исталган пайтда ечиб олиш ёки тўлов қилиш мумкин бўлган маблағлар) киради. Бу маблағлар кундалик харидлар, хизматлар учун тўловлар ва тезкор молиявий операцияларни амалга оширишда бевосита иштирок этади.

**Кенг маънодаги пул массаси** эса иқтисодиётдаги барча нақд ва нақдсиз пул маблағларини, шу жумладан тўпланган жамғармаларни ҳам тўлиқ қамраб олувчи кўрсаткичдир. Бу тор маънодаги пул массасига қўшимча равишда жисмоний ва юридик шахсларнинг миллий ҳамда хорижий валютадаги муддатли ва жамғарма депозитларини ўз ичига олади. Гарчи муддатли омонатларни дарҳол нақд пулга айлантириб ёки тўловга йўналтириб бўлмасада, улар иқтисодиётдаги умумий харид қобилияти, инвестицион салоҳият ва аҳолининг молиявий захираларини акс эттиради. Марказий банклар инфляция ва иқтисодий ўсишни прогноз қилишда асосан шу кўрсаткичга таянади.

**Нақд пуллар қолдиғи – 76,3 триллион сўм**

Июл ойида муомалага чиқарилган нақд пуллар қолдиғи 1 триллион 25 миллиард сўмга кўпайиб, 1-август ҳолатига 76,3 триллион сўмни ташкил этган. Бу рекорд кўрсаткичдир. Йил бошига нисбатан нақд пуллар қолдиғи 7,8 триллион сўмга ошган.

Миллий валютадаги бошқа депозитлар эса йил давомида 35,1 триллион сўмга, июл ойида эса 5,9 триллион сўмга кўпайган.

Муомаладаги нақд пуллар мутлақ миқдорда сезиларли даражада ўсаётган бўлса-да, унинг умумий пул массасидаги улуши изчил камайиб бормоқда. 2013-йилда нақд пулнинг умумий массадаги улуши 23,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2025-йилда бу кўрсаткич 18,9 фоизга, 2026-йил августига келиб эса 17,5 фоизга пасайган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.