Ярим йилда Ўзбекистонга хориждан 9,3 млрд доллар пул юборилди

Ўзбекистонга жорий йилнинг дастлабки олти ойида хориждан 9,3 миллиард доллар миқдорида пул ўтказмалари келиб тушди. Бу кўрсаткич 2026-йилнинг январ—июн ойларида 13 фоизга ўсганини Марказий банк ахборот хизмати маълум қилди.
Пул ўтказмалари ҳажмининг ошишига чет элдаги меҳнат муҳожирларининг барқарор иш ҳақи ва айрим давлатлар валюталарининг қадри кўтарилиши сабаб бўлган. Шунингдек, ўзбекистонликлар нафақат анъанавий йўналишларда, балки Европа ва Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам ишлаш учун кўпроқ сафар қила бошлаганлар.
Пул жўнатишда асосан телефон орқали, яъни картадан картага (П2П) ўтказмалар устунлик қилмоқда. Бундай онлайн ўтказмалар 32 фоизга кўпайиб, 4,8 миллиард долларга етган. Бу Ўзбекистонга келган умумий пул ўтказмаларининг 51,7 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, Ўзбекистондан чет элга юборилган пуллар ҳам 8 фоизга ошиб, 1,3 миллиард долларни ташкил этган.
Валюта олди-сотдисида ҳам фаоллик кузатилган. Олти ой давомида аҳоли банкларга 12,3 миллиард доллар сотган бўлса, банклардан 6,8 миллиард доллар сотиб олган. Бу шуни кўрсатадики, аҳоли доллар сотиб олишдан кўра, уни банкка сотишни афзал кўрган, ўртадаги фарқ 5,5 миллиард долларни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда банклардан паспорциз 500 долларгача нақд валюта олиш тартиби жорий этилган эди. Аввал бу чегара 100 долларни ташкил қилган.

