Москвага учаётган 30 дан ортиқ самолёт бошқа шаҳарларга қўнди
Москва мери Сергей Собянин 14-октабрга ўтар кечаси пойтахт томон йўналган 100 дан ортиқ дрон уриб туширилганини билдирди. Ҳужум фонида Москванинг тўртала аеропортида вақтинча чекловлар жорий этилган, 30 дан ортиқ самолёт бошқа шаҳарларга йўналтирилган.

Москвага йўл олган 30 дан ортиқ самолёт бошқа шаҳарларга қўнди
ДВ хабар беришича, Собянин дронлар Москва вилоятининг айнан қайси ҳудудларида йўқ қилингани ва уларнинг эҳтимолий нишонлари ҳақида маълумот бермаган.
«Росавиация» маълум қилишича, 13-октабр оқшомида Внуково, Домодедово, Шереметево ва Жуковский аеропортларида самолётларни қабул қилиш ҳамда учиришга вақтинча чекловлар жорий этилган.
ТАСС маълумотига кўра, Москвага учаётган 30 дан ортиқ самолёт бошқа шаҳарларга йўналтирилган. Хусусан, Внуковога қўниши керак бўлган 19 та самолёт Нижний Новгород, Санкт-Петербург, Минск, Псков ва Истанбул аеропортларига қўнган.
«Осторожно, новости» Телеграм-канали эса Пулково аеропорти маълумотларига таянган ҳолда, Москвага йўл олган 20 та самолёт Санкт-Петербургга йўналтирилганини хабар қилган.
14-октабрга ўтар кечаси Волгоград, Нижний Новгород, Самара, Пенза, Саратов ва Ярославл аеропортларида ҳам вақтинча чекловлар жорий этилган.
«Победа» авиакомпанияси Москва авиаузели ва Волгабўйи аеропортларидаги узоқ давом этган чекловлар сабабли парвозлар жадвалига ўзгартиришлар киритилганини билдирган.
Шу билан бирга, Саратов вилояти губернатори Роман Бусаргин Балаково шаҳрида дрон ҳужуми оқибатида бир нечта турар жойга зарар етганини маълум қилган. Унинг дастлабки маълумотига кўра, бир киши ҳалок бўлган. Ҳодиса жойида тезкор хизматлар ишламоқда.
Ставропол ўлкаси раҳбари Владимир Владимиров эса Невинномисск шаҳри саноат ҳудуди томон йўналган дронлар ҳужуми ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан қайтарилганини айтган. У қайси саноат обьектлари нишонга олинган бўлиши мумкинлигига аниқлик киритмаган.

