Маҳаллий

Мирзиёев Қорақалпоғистондаги янги тиббиёт академиясига ташриф буюрди

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси фаолияти билан танишди.

Мирзиёев Қорақалпоғистондаги янги тиббиёт академиясида бўлди

Давлат раҳбарининг 2024 йил 24 декабрдаги қарори билан илм-фан, таълим ва амалиётни бирлаштирган ҳолда, хусусий сектор иштирокида ҳудуддаги тиббиёт муассасаларини ягона инновацион кластерга айлантириш вазифаси қўйилган эди.

Шу мақсадда 4,6 гектар майдонда умумий қиймати 154 миллиард сўмлик замонавий мажмуа барпо этилиб, 80 та янги иш ўрни яратилди.

Академияда ҳар йили 3 минг нафар шифокор ҳамда 6 800 нафар ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими малака ошириши мумкин бўлади. Бундан ташқари, бу ерда Оролбўйи ҳудудидан 100 га яқин клиник ординатор тайёргарликдан ўтади.

Уларнинг таълим олиши ва яшаши учун барча зарур шароитлар яратилган. Олис туманлардан келадиган мутахассислар учун 72 ўринли замонавий меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда.

Амалий кўникмаларни ривожлантириш учун 18 та симуляция хонаси жиҳозланган. Уларда 50 дан ортиқ йўналиш бўйича ўқитиш ташкил этилган бўлиб, бу халқаро стандартларга мувофиқ 100 дан ортиқ тиббий амалиёт тури бўйича мутахассислар тайёрлаш имконини беради.

Муассаса замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланган. Хусусан, бу ерда Марказий Осиёда ягона бўлган «Edge Medical» жарроҳлик роботи ўрнатилган. У нафақат симуляцион ўқув машғулотларини ўтказиш имконини беради, балки реал клиник шароитларда юқори аниқликдаги масофавий операцияларни бажаришга ҳам шароит яратади.

Академия нуфузли хорижий тиббиёт марказлари ва етакчи университетлар, жумладан, Питтсбург университети (АҚШ) ва Германиянинг Фрайбург университети билан ҳамкорлик қилади. Халқаро ўқув курслари ва қўшма илмий тадқиқотлар ташкил этилиб, телемедицина ва рақамли таълим технологиялари жорий этилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.