Маҳаллий

“Миллий сертификатга эга абитуриентларга максимал балл бериш тизими қайта кўриб чиқиляпти” — вазир ўринбосари

Ўзбекистонда миллий сертификатга эга абитуриентларга максимал балл бериш тартиби қайта кўриб чиқилмоқда. ъБир неча йилдан кейин миллий сертификат билан топширадиганлар сони тест ечадиганларга нисбатан ошиб кетиши мумкин. Механизмларни ишлаб чиқишни бошладикъ, — деди вазир ўринбосари Сардор Ражабов.

**Миллий сертификат эгаларига максимал балл бериш тартиби қайта кўриб чиқилмоқда – вазир ўринбосари**

Ўзбекистонда миллий сертификатга эга абитуриентларга давлат олий таълим муассасаларига киришда тегишли фан бўйича максимал балл бериш тартиби қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов 18-август куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар беради Газета мухбири.

Сардор Ражабовнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда миллий сертификат билан ОТМга ҳужжат топшираётган абитуриентлар сони ортиб бормоқда. Вазирлик ушбу ўсиш сабабларини таҳлил қилган.

“Миллий сертификатнинг саволлари олий таълимга кириш тест саволларидан бироз фарқ қилади. Бу ерда фақат ёпиқ саволлар эмас, очиқ саволлар ҳам бўлади. Шунингдек, натижалар фақат белгиланган тўғри жавоблар сонига қараб эмас, Раш модели асосида ҳисобланади”, – деди у.

Раш модели – топшириқдаги ҳар бир саволнинг қийинлиги ва ўқувчининг билим даражасини алоҳида ўлчаб берадиган тизимдир. У оддий тўғри жавоблар сонини эмас, балки талаба айнан қандай оғирликдаги саволларни еча олганини ҳисобга олади. Масалан, икки талаба бир хил 5 тадан саволга тўғри жавоб топди. Бири фақат осонроқ саволларни, иккинчиси эса энг оғир саволларни ечди. Раш модели айнан оғир саволларни кўпроқ жавоблай олганларга юқорироқ балл беради.

“Кўпчилик битирувга яқин йилларда бўлиб-бўлиб миллий сертификат олиш тизимидан фойдаланяпти. Албатта, бунинг кўпайгани яхши”, – деди вазир ўринбосари.

Унинг фикрича, миллий сертификат тизимида тестдаги “тахминан жавоб белгилаш” ҳолатлари камроқ учрайди. Ражабов буни собиқ Давлат тест марказида директор ўринбосари бўлиб ишлаган даври билан изоҳлади.

“Тестда билмаган саволига жавобни тасодифан белгилаб, қандайдир балл олиш мумкин. Мен собиқ Давлат тест марказида директор ўринбосари бўлиб ишлаган пайтимда бутун жавоб варақасини фақат „А“ ёки фақат „Б“ билан тўлдириб чиққан абитуриентларни кўп кўрганман. Миллий сертификатда эса очиқ саволлар бўлгани учун бундай ҳолатлар камроқ”, – деди у.

Ражабовнинг айтишича, вазирлик миллий сертификат натижаларини баҳолашда максимал балл бериш механизмини қайта кўриб чиқмоқда. Бунда юқори натижа олган абитуриентларнинг бир жойда жамланиб қолиши каби масалалар ҳам ўрганиляпти.

“Ҳозир максимал балл бериш тизими қанчалик тўғри эканини кўриб чиқяпмиз. Чунки йилдан йилга миллий сертификат билан топшираётганлар сони кўпайиб бормоқда.

Ўйлайманки, бир неча йилдан кейин миллий сертификат билан топширадиганлар сони тест синовлари орқали топширадиганлардан ошиб кетиши мумкин. Шунинг учун буни олдиндан кўриб, механизмларни ишлаб чиқишимиз керак ва бу жараённи бошлаганмиз”, – деди вазир ўринбосари.

Журналистлардан бири миллий сертификат ва имтиёзли қабул сабаб тестда юқори балл олган абитуриентларнинг имкониятлари чекланаётгани ҳақидаги эътирозларга нисбатан изоҳ сўради. Ражабов бундай ҳолатда миллий сертификат ва кириш тестларининг мураккаблик даражаси бир хил эмаслигига эътибор қаратиш лозимлигини айтди.

“Миллий сертификат тизими тест тизимига қараганда мураккаброқ.

Шунинг учун миллий сертификат олган абитуриент максимал балл олган тақдирда ҳам, бу натижани тестда олинган балл билан тўғридан тўғри солиштириб бўлмайди. Икки тизимдаги қийинлик даражаси ҳар хил”, – деди у.

Унинг сўзларига кўра, вазирлик миллий сертификат билан максимал балл олиб ОТМга кирган талабаларнинг кейинги ўқиш натижаларини таҳлил қилган.

“Миллий сертификат билан максимал балл олиб ўқишга кирган болалар қандай ўқиётганини ҳам таҳлил қилдик. Адашмасам, уларнинг қарийб 60 фоизи аълога, қолган 40 фоизга яқини эса яхши баҳоларга ўқияпти.

Яъни яхши ўқимай қолаётганлар жуда кам”, – деди Ражабов.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, талабанинг ўзлаштиришига оилавий шароит, ишлаш зарурати каби турли обьектив ва субьектив омиллар таъсир қилиши мумкин. Миллий сертификат орқали максимал балл билан ўқишга кирганлар орасида ўқишдан четлаштирилганлар жуда кам.

Сардор Ражабов имтиёз асосида ОТМга қабул қилинган талабаларнинг ўзлаштириши бўйича ҳам алоҳида таҳлил ўтказилганини маълум қилди.

“Имтиёз билан кирган талабаларнинг ўқиш жараёнидаги ўзлаштириши, четлаштирилгани ёки курсдан курсга қолгани бўйича таҳлил ўтказдик. Бирламчи маълумотга кўра, имтиёз асосида кирганлар орасида энг юқори натижа кўрсатаётганлар – хотин-қизлар имтиёзи билан кирган талабалар.

Қолган маълумотларни ҳозир яна бир марта текширяпмиз. Ноаниқ маълумот бермаслик учун таҳлилни якунлаб, натижаларни, албатта, эълон қиламиз”, – деди у.

Маълумот учун, жорий йил давлат олийгоҳларига ўқишга топширган 678 минг абитуриентнинг 193 186 (2025-йилда 85 140) нафарида умумтаълим фанлари бўйича, 125 354 (2025-йилда 58 216) нафарида эса чет тиллари бўйича миллий ёки халқаро сертификат бўлган.

Барча фанлардан сертификати бўлган абитуриентларнинг 13 минг нафари тест синовларидан тўлиқ озод қилинган. 2025-йилда бундай имкониятдан 678 нафар абитуриент фойдаланган. Бунинг ортидан ўқишга киришдаги ўтиш баллари сезиларли кўтарилди.

Жорий йилда ўртача ўтиш балли давлат гранти бўйича 134,6 балл, тўлов контракт бўйича 93,7 баллни ташкил этди. Ўтган йили бу кўрсаткичлар мос равишда 121,8 ва 84,9 балл бўлган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.