Маҳаллий

«Миллий сертификат тизими тестдан мураккаброқ» – вазир ўринбосари сертификат билан ўқишга кирганлар ҳақида

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сардор Ражабовнинг таъкидлашича, сертификат орқали максимал балл билан ОТМга кирган талабаларнинг қарийб 60 фоизи аъло баҳоларга ўқимоқда.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сардор Ражабовнинг сўзларига кўра, миллий сертификат орқали олий таълим муассасаларига максимал балл билан қабул қилинган талабаларнинг қарийб 60 фоизи аъло баҳоларга ўқимоқда.

Бу маълумот 18-август куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида 2026/2027 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабулнинг якуний натижаларига бағишланган матбуот анжуманида эълон қилинди.

Сўнгги йилларда сертификат ва имтиёзлар тизими орқали ОТМларга қабул қилиш амалиётининг кенгайиши жамоатчиликда турли саволларни келтириб чиқарди. Хусусан, сертификат ёки имтиёз асосида қабул қилинган абитуриентлар туфайли тестда юқори натижа кўрсатган бошқа абитуриентларнинг имкониятлари чекланмоқда деган эътирозлар пайдо бўлди.

Вазир ўринбосари Сардор Ражабов ушбу тизимнинг амалиётдаги натижалари ҳақида қуйидагиларни таъкидлади:

“Миллий сертификат тизими тест тизимига қараганда мураккаброқ. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қанчалик кўп бола миллий сертификат олиб кирган бўлса, максимал балл оладими ёки сертификатдаги фоиз бўйича балл оладими, қатъий назар тестда олинган баллга нисбатан қийинчилик даражаси икки хил. Шунга алоҳида урғу беришимиз керак”.

Вазирлик миллий сертификат асосида максимал балл олган ва имтиёз асосида ОТМга қабул қилинган талабаларнинг кейинги ўзлаштиришини ҳам таҳлил қилган.

“Ўзи миллий сертификат билан максимал балл олиб ўқишга кирган болалар қандай ўқияпти деган таҳлил ўтказдик. Шунда 60 фоизга яқин бола аъло баҳоларга ўқиётгани аниқланди. Яхши баҳоларга ўқиётган болалар сони 40 фоизга яқин. Яъни жуда кам фоизи яхши ўқимаяпти ва бунга бошқа объектив-субъектив сабаблар бўлиши мумкин. Лекин миллий сертификат билан кирганлар орасида ҳайдалиб кетганлар сони жудаям кам.

Кейинги таҳлилни ҳам ўтказдик, умуман имтиёз билан кирган талабаларнинг ўқиш жараёнидаги ўзлаштириши, ўқишдан четлаштирилиши, курсдан қолиши ҳақидаги таҳлилни ўтказдик. Бирламчи маълумотлар бўйича айтишим мумкин, имтиёз билан кирган талабаларнинг ичида энг юқори натижа кўрсатаётганлар бу имтиёз билан кирган хотин-қизлар экан”, - деди вазир ўринбосари.

Вазирлик вакили имтиёз ва сертификат асосида қабул қилинган талабаларнинг таълимдаги натижаларини таҳлил қилиш давом эттирилишини маълум қилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.