Миллий сертификат имтиҳонларида ўринлар сонига лимит белгиланишига изоҳ берилди

Миллий сертификат имтиҳонларида ўринлар сонига лимит қўйилишига изоҳ берилди
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ижтимоий тармоқларда миллий сертификат имтиҳонларига рўйхатдан ўтишда белгиланган лимитлар борасида турли фикрлар билдирилганидан сўнг расмий муносабат билдирди.
Агентлик ўринлар сони талабгорларни чеклаш ёки юқори натижа кўрсатиши мумкин бўлган иштирокчилар сонини сунъий равишда камайтириш учун белгиланмаганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 29-июлдаги қарори билан “Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тартиби тўғрисида”ги низомга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Унга кўра, тест синовлари ўтказиладиган жойлар, ҳудудлар кесимидаги ўтириш ўринлари сони ҳамда имтиҳон саналари белгиланади.
2026-йил сентябр–декабр ойларида жами 496 минг 303 та ўтириш ўрни ажратилган. Шундан сентябр учун 125 минг 753 та, октябр учун 129 минг 535 та, ноябр учун 112 минг 335 та ва декабр учун 128 минг 680 та ўрин белгиланган.
Шунингдек, миллий сертификат имтиҳонларини ўтказиш даврийлиги ҳам оширилмоқда. Сентябр–декабр ойларида математика, кимё, география, биология, физика, она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанларидан икки мартадан, ҳуқуқшунослик фанидан эса бир марта имтиҳон ўтказилиши режалаштирилган. Жами 15 та имтиҳон ташкил этилиши кўзда тутилган.
Таққослаш учун, 2025-йил сентябр–декабр ойларида жами 11 та имтиҳон ўтказилган ва уларда 255 217 нафар талабгор қатнашган.
Агентликнинг билдиришича, ҳудудлар бўйича ўринлар сонини белгилашдан асосий мақсад мавжуд инфратузилма, техник воситалар, ходимлар ва назорат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳудудлар бўйича юкламани мақбул тақсимлаш ҳамда имтиҳонларни барқарор ва сифатли ташкил этишдан иборат.
Шунингдек, бундай ёндашув натижаларни белгиланган муддатларда эълон қилиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлашга қаратилгани қайд этилди.
Тегишли низом Вазирлар Маҳкамасининг 17-сентябрдаги қарори билан тасдиқланган.
Агентликнинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларининг вазифалари алоҳида кўрсатиб берилган. Ҳудудий бўлинмалар марказ томонидан белгиланган вазифаларни жойларда амалга ошириши, баҳолаш жараёнларини ташкил этиши ва тегишли маълумотларни шакллантириши лозим.

