Маҳаллий

Метрода йўқотилган 10 минг долларни ИИБ ходими эмас, балки йўловчи топиб олган

Метро бекатида Тошкентга машина сотиб олиш учун келган Қозоғистон фуқароси 10 минг доллар тушириб қолдирди. Ички ишлар вазирлиги пулларни метрополитенда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходими топиб олгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ, пулларни ходима эмас, балки йўловчи аёл топиб олгани маълум бўлди.

Метрода йўқотилган 10 минг долларни ИИБ ходимаси эмас, балки йўловчи аёл топган

Тошкент метросида тушиб қолган 10 минг доллар миқдоридаги пулларни йўловчи аёл топиб олган. «Тошкент метрополитени» матбуот хизмати ҳодиса видеосини эълон қилди.

Видеоёзувда йўловчилар оқимида кетаётган эркакнинг ён сумкасидан пуллар тушиб қолганини кўриш мумкин. Эркак буни сезмай, йўлида давом этган. Бир муддат пуллар ерда ётган ва ҳеч ким уларга эътибор қаратмаган.

Бироқ бироздан сўнг бир йўловчи аёл яқинлашиб, пулларни ердан олган ва уларни бекатда хизмат олиб бораётган Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимларига топширган.

«„Тошкент метрополитени“ АЖ ҳалоллик, виждонлилик ва юксак фуқаролик масъулиятини намоён этган фуқарога, шунингдек, ушбу жараёнда фаол иштирок этиб, ўз хизмат вазифаларини виждонан бажарган МХТБ ходимларига самимий миннатдорчилик билдиради», — дейилади хабарда.

Унда пулларни йўловчи эмас, балки ички ишлар органлари ходими топгани айтилган эди.

Вазирлик материалида кўрсатилишича, Сергели туманига автомобиль сотиб олиш учун келган Қозоғистон фуқароси 10 минг доллар йўқотиб қўйган. Уларни Тошкент метрополитенида хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари топишган.

Зарур текширув ва қидирув тадбирлари ўтказилгандан сўнг, пул маблағларининг қонуний эгаси аниқланган ва 10 минг АҚШ доллари белгиланган тартибда эгасига тўлиқ қайтарилган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, материалдаги «топди» ибораси кўчма маънода қўлланган.

«Бу ерда „топди“ ибораси кўчма маънода қўлланган. Транспорт объектларидаги топилмалар хонасига келиб тушган ҳар қандай буюм эгасига қайтарилади», — дейди у.

Шоҳрух Ғиёсовнинг сўзларига кўра, йил бошидан бугунги кунга қадар 580 дан ортиқ ҳолатда фуқаролар метро, поезд ва самолётда моддий бойликларини йўқотгани бўйича мурожаат қилган. Уларнинг барчаси топилиб, эгаларига қайтарилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.