Меҳнат инспексияси: айрим ҳокимликлар ходимларни иш вақтидан ташқари ишларга ноқонуний жалб қилишда давом этмоқда
Барча ҳокимликларга огоҳлантириш хатлари юборилганига қарамай, қонунбузилиш ҳолатлари тўхтамаган. Аниқланган ҳолатлар юзасидан мансабдор шахслар жавобгарликка тортилмоқда.

Меҳнат инспексияси: айрим ҳокимликлар ходимларни иш вақтидан ташқари ишларга ноқонуний жалб қилишни давом эттирмоқда
Ўзбекистонда айрим ҳокимликларда ходимларни белгиланган иш вақтидан ташқари қонунга зид равишда ишларга жалб этиш ҳолатлари ҳануз давом этмоқда.
Маълум қилинишича, инспексия барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларига иш вақти режимига риоя қилиш ҳамда ходимларни иш вақтидан ташқари ишларга қонунчилик талабларига зид тарзда жалб қилмаслик юзасидан огоҳлантириш хатлари юборган.
Шунга қарамай, айрим ҳокимликларда ходимларни белгиланган иш вақтидан ташқари ишларга ноқонуний жалб этиш ҳолатлари давом этмоқда. Инспексия маълумотига кўра, аниқланган қонунбузилишлар бўйича мансабдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилмоқда.
Давлат меҳнат инспексияси барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларини меҳнат қонунчилигига риоя қилиш борасида яна бир бор огоҳлантирди.
“Ходимларни иш вақтидан ташқари ишларга жалб этишда меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя этилиши шарт”, дейилади инспексия хабарида.
Қайд этилишича, иш вақти ва дам олиш вақти режимига амал қилиш ходимларнинг соғлиғи, меҳнат қобилияти ҳамда оилавий ҳаётини муҳофаза қилишнинг муҳим кафолати ҳисобланади.
“Ходимнинг дам олиш ҳуқуқини бузиш — унинг қонун билан кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини бузиш демакдир”, дея таъкидлади инспексия.
Идора ҳар бир мурожаат назоратга олиниши ва аниқланган қонунбузилишлар юзасидан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилишини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, сентябр ойида ҳам Давлат меҳнат инспексияси айрим ҳудудларда ходимларни иш вақтидан ташқари ва дам олиш кунларида турли топшириқларни бажаришга мажбуран жалб қилиш юзасидан мурожаатлар келиб тушаётганини маълум қилганди.
Ўшанда инспексия мажбурий меҳнат қонунчилик билан тақиқланганини, ходимларни жазо ёки босим таҳдиди остида, уларнинг розилигисиз ишлашга мажбурлашга йўл қўйилмаслигини таъкидлаган эди.

