Маймунлар орасида ўсган қиз...
Маринанинг кейинги хотираларига кўра, маймунлар тўдаси унинг тирик қолишига ёрдам берган. Қиз уларни кузатиб, нима

Маймунлар орасида улғайган қиз...
Колумбия. 1950-йиллар.
Чангалзорнинг қаеридадир тўрт ёшлар атрофидаги қиз ёлғиз қолиб кетган эди. Унинг исми Марина Чапман эди.
Қизнинг ўша ерга қандай тушиб қолгани ҳақида у кейинчалик турли тафсилотларни эслаган. Ҳар ҳолда, бир неча йил давомида у одамларсиз, ёввойи табиат бағрида яшагани аниқ эди.
Қўрқувдан кучли нима бор?
Уй йўқ. Ота-она йўқ. Овқат тайёрлаб берадиган одам йўқ. Кўрпа-тўшак йўқ. Энг даҳшатлиси, болалигида унга ёрдам берадиган бирорта инсон ҳам йўқ эди. Аммо чангалзорда қиз мутлақо ёлғиз эмасди. Унинг ёнида... маймунлар бор эди.
Маринанинг кейинги хотираларига кўра, маймунлар тўдаси унинг тирик қолишига ёрдам берган. Қиз уларни кузатиб, нима ейиш, қаерда яшириниш ва хавфдан қандай қочишни ўрганган.
Аввалига у қўрққан. Ҳар бир шовқин — хавф, ҳар бир ҳаракат — нотаниш эди. Аммо очлик қўрқувдан кучлироқ чиқди. Қиз маймунларни кузата бошлади. Улар нимани еса, Марина ҳам шуни ейишга уринарди. Маймунлар қаерга қочса, қиз ҳам уларнинг ортидан югурарди. Улар қаерда тунаса, Марина ҳам ўша ерга жойлашарди.
Вақт ўтиши билан қиз табиатнинг қонунларини ўзлаштирди. У табиатни ўз устозига айлантирди. Маринанинг дунёсида «уй», «мактаб», «оила» деган тушунчалар тобора хиралашиб борарди.
Чангалзор қонунлари
Маринанинг айтишича, маймунлар унга оддий ҳайвон сифатида эмас, балки тўда аъзоси каби муносабатда бўлган. Қиз улар билан бирга юрган, хатти-ҳаракатларини такрорлаган. Улардан овқат топишни ўрганган. Қисқаси, маймунларга тақлид қилган. Бу инсон боласи учун ниҳоятда ғайриоддий ҳолат эди. Чунки кичик бола ким билан яшаса, ўша муҳитнинг хулқ-атворини жуда тез ўзлаштиради. Маринада ҳам шундай бўлган. У одамлар дунёсидан узоқлашиб, ҳайвонлар дунёсига мослашган.
Энг қўрқинчли ўзгаришлардан бири — нутқ эди. Одамлар билан мулоқот бўлмагани сабаб Марина она тилидан фойдаланиш имкониятини деярли йўқотган. Унинг учун сўзлардан кўра ҳаракатлар муҳим эди. Масалан, қайси томонга қараш, қачон қочиш, яшириниш, қандай овқатни ейиш... Маринанинг мияси мактаб дарсларини эмас, тирик қолишни ўрганарди.
Бир неча йилдан кейин Маринанинг ёввойи табиатдаги ҳаёти тугади. Аммо бу унинг бахтли ҳаёти бошланганини англатмасди. Аксинча... энг оғир давр энди бошланаётган эди. Чунки чангалзорда у табиат қонунларини биларди. Одамлар орасида эса ҳеч нарсани билмасди. Марина бу қавмнинг тилини тушунмас, одатларини билмасди. Ўзини қандай тутиш ҳақида тасаввурга эга эмасди.
Яна бир даҳшат
Маринанинг ҳаёти яна бир неча оғир бурилишга юз тутди. Кейинги хотираларига кўра, у одамлар қўлига тушганидан сўнг ҳам хавфдан қутула олмаган. Қиз, ҳатто ўз қавми томонидан сотиб юборилгани ва эксплуатацияга учраганини айтган. Энг ҳайратланарлиси, Марина яна қочиб кетган. Аммо бу сафар чангалзорга эмас, шаҳарга. У дарахтларга чиқиш, яшириниш ва одамлардан қочишни уддаларди. Чунки ҳали ҳам ўзини тўлиқ инсонлар дунёсига тегишли деб ҳис қилмасди.
Кейинчалик Маринанинг тақдирини ўзгартирган аёл пайдо бўлди. У қизга одамлар дунёсида яшашни аста-секин ўргатди. Марина бошқалар билан гаплашиш, муносабат қилиш, овқат пишириш, кийиниш, оддий ҳаёт кечиришни ўзлаштирди. Бир вақтлар дарахт шохларида тунаган қиз энди оддий уйда яшашга мажбур эди. Аммо ўтмиш уни ҳеч қачон тарк этмади.
Маринанинг энг таъсирли хотираларидан бири шуки, у одамлар орасига қайтганидан кейин ҳам ўзини тўлиқ эркин ҳис қилмаган. Чунки болалигида Маринанинг дунёси бутунлай бошқача эди. У ерда ҳеч ким бу қиздан пул сўрамасди. Ҳеч ким ёлғон гапирмасди. «Сен бундай бўлишинг керак», демасди. Унинг учун ҳаёт жуда содда эди: оч бўлсанг — овқат топ. хавф бўлса — қоч, чарчаган бўлсанг — ухла.
Одамлар дунёси эса анча мураккаб эди.
Марина кейинчалик ўз ҳаёти ҳақида китоб ҳам ёзди. Унинг ҳикояси кўплаб одамларни ҳайратга солди. Аммо олимлар ва тадқиқотчилар бундай хотираларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш кераклигини таъкидлайди. Чунки воқеалар содир бўлганидан ўнлаб йиллар ўтиб айтилган болалик хотираларининг барча тафсилотларини мустақил равишда текшириш осон эмас. Шу боис Маринанинг «маймунлар мени боқди» деган ҳикоясини сўзсиз исботланган илмий факт сифатида эмас, балки унинг шахсий хотиралари ва кейинги интервюларига таянган ғайриоддий ҳаёт тарихи сифатида қабул қилиш тўғри бўлади.
Маугли қаҳрамон эди, Марина эса — ҳақиқий одам
«Маугли»да бола ўрмондан чиқиб, одамлар дунёсига қайтади. Маринанинг ҳаётида ҳам шунга ўхшаш воқеа бор. Аммо фарқ жуда катта. Маугли — ёзувчи Редярд Киплинг яратган бадиий қаҳрамон. Маринанинг тарихи эса ҳақиқий инсоннинг ўз ҳаёти ҳақидаги хотираларига асосланган.
Ва энг оғир савол шуки: табиат бағрида ҳайвонлар орасида тирик қолган қиз нега кейин инсонлар орасида яна-янги хавфларга дуч келди? Балки бу ҳикоянинг энг аламли жиҳати ҳам шундадир: Марина чангалзорда одамларсиз яшашни ўрганди. Аммо одамлар орасига қайтгач, яна одам бўлиб яшашни ўрганишга мажбур бўлди.

