«Марказий Осиё кучлироқ, жипслашганроқ ва ўз келажагини мустақил белгилашга тобора кўпроқ қодир бўлди» — Ўзбекистон ТИВ раҳбари
Марказий Осиё ва АҚШ ҳамкорлиги минтақанинг «янги имкониятларнинг ягона макони сифатидаги» салоҳиятини очиб бериши керак, деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари. У георазведкадан тортиб саноат кластерларини ташкил этишгача бўлган ўта муҳим минераллар бўйича шерикликни устувор йўналишлардан бирига айлантиришни таклиф қилди.

«Марказий Осиё кучлироқ, жипслашган ва ўз келажагини мустақил белгилашга тобора кўпроқ қодир бўлди» — Ўзбекистон ТИВ раҳбари
Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг C5+1 форматидаги илк учрашуви 2015 йилда Самарқандда бўлиб ўтган эди. Ўшандан бери Марказий Осиё кучлироқ, жипслашган ва ўз келажагини мустақил белгилашга тобора кўпроқ қодир бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Самарқандда минтақа мамлакатлари ТИВ раҳбарлари ва АҚШ давлат котибининг учрашувида маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета» мухбири.
«Ҳамкорлигимизнинг кейинги босқичи нафақат икки томонлама алоқаларни кенгайтиришга, балки Марказий Осиёнинг янги имкониятларнинг интеграциялашган минтақаси сифатидаги салоҳиятини очишга қаратилган бўлиши керак. Бу иқтисодий боғлиқликни мустаҳкамлаш, илғор технологиялар ва инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларимизни кенгайтиришни англатади», — деди вазир.
«Биз кучли, барқарор ва фаровон Марказий Осиё барча мамлакатларимиз ва халқаро ҳамкорларимиз манфаатларига жавоб беришига қатъий ишонамиз», — деб таъкидлади ТИВ раҳбари.
Минтақа ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қаторида Ўзбекистон ўта муҳим минералларни таклиф этди.
«Асосий устувор йўналишларимиздан бири сифатида биз геология-қидирув ва минерал хом ашёни қайта ишлашдан тортиб маҳаллий саноат кластерларини ташкил этишгача бўлган ўта муҳим минераллар соҳасида стратегик шерикликни ривожлантиришни таклиф этамиз», — деди ТИВ раҳбари.
Вазир Марказий Осиё бой ресурсларга, ўсиб бораётган бозорларга, инсон капиталига ва стратегик муҳим географик жойлашувга эга эканини, АҚШ эса илғор технологиялар, инвестиция капитали ва жаҳон даражасидаги тадбиркорлик тажрибасига эга эканини таъкидлади.
«Умумий вазифамиз — ушбу кучли томонларни бирлаштириш ва халқларимизга сезиларли фойда келтирадиган мустаҳкам шерикликни йўлга қўйишдир», — деди у.
Бахтиёр Саидов, шунингдек, «C5+1» Котибиятида ҳамраисликни ўз зиммасига олган ҳолда, Ўзбекистон ишларнинг изчиллигини таъминлаш ва келишувларни амалий натижаларга айлантиришга эътибор қаратиш ниятида эканини маълум қилди.

