Марказий банклар глобал шокнинг давомийлиги ва инфляцияда қандай акс этишига эътибор қаратишлари лозим — тадқиқот
Глобал шоклар шароитида марказий банклар шокнинг давомийлигига, унинг инфляция ва кутилмаларда қандай акс этишига эътибор қаратишлари лозим. Инфляцион таргетлашда инфляция мақсади таянч бўлиб қолиши, тизимнинг ўзи мослашувчанроқ бўлиши керак. Шу билан бирга, ишончлилик ва очиқ мулоқот жуда муҳим.

**Марказий банклар глобал шокнинг давомийлиги ва инфляциядаги аксига эътибор қаратиши керак — тадқиқот**
Глобал беқарорлик ва кетма-кет шоклар кучайган, мураккаб макроиқтисодий шароитда ишлаётган марказий банклар глобал шокнинг қанча давом этиши ва унинг умумий нархлар ҳамда инфляцион кутилмаларда қандай намоён бўлишига алоҳида эътибор бериши лозим, дея тавсия қилди Жаҳон банки бош иқтисодчисининг ўринбосари.
Лойиҳанинг илк сонида МБ мутахассислари Беҳруз Аҳмедов ва Нурбек Омонов лойиҳа меҳмони Айҳан Косе билан бирга Миллий иқтисодий тадқиқотлар бюроси эълон қилган, Кристин Форбес, Жонгрим Ҳа ва Айҳан Косе ҳаммуаллифлигидаги “Ҳеавен ор Эартҳ: Тҳе Эволвинг Роле оф Глобал Шоскс фор Доместис Монетарй Полисй” (“Осмон ёки Ер: Глобал шокларнинг ички пул-кредит сиёсатидаги ўзгариб бораётган роли”) мақоласини муҳокама қилди.
Беҳруз Аҳмедов бугун дунё бўйлаб марказий банклар сўнгги ўн йилликларда кузатилган энг мураккаб макроиқтисодий муҳитда ишлаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, инфляцион шоклар, геосиёсий парчаланиш, энергия беқарорлиги, таъминот занжиридаги узилишлар, қатъийлаштириш даврлари ва молия бозоридаги стресслар марказий банклар учун ҳал қилувчи қарорлар қабул қилишни тобора қийинлаштирмоқда.
Пул-кредит сиёсати асослари ҳам реал вақт режимида синовдан ўтмоқда. Ўнлаб йиллар давомида марказий банк тизимлари асосан ички талаб, ички инфляция ва ички бизнес сикллари асосида шаклланган эди. Аммо ҳозир пул-кредит сиёсати тобора кўпроқ миллий чегаралардан ташқарида юзага келадиган кучлар таъсирида белгиланяпти. Бу эса марказий банклар ҳануз ўз иқтисодиётини маҳаллий контекст ва ички омилларга таянган ҳолда бошқаряптими ёки улар назорат қила олмайдиган глобал шокларга жавоб бериш билан чекланиб қоляптими, деган саволни кун тартибига олиб чиқмоқда.
МБ мутахассислари айнан шу савол билан Жаҳон банки Бош иқтисодчисининг ўринбосари ва Проспесц Гроуп директори, шунингдек муҳокама учун танланган мақола муаллифларидан бири Айҳан Косега мурожаат қилди.
Айҳан Косе сўз бошида мақола номидаги “Осмон ва Ер” метафорасининг келиб чиқиши ва мазмунига тўхталди. Унинг айтишича, сарлавҳадаги ибора машҳур ҳарбий метафорага бориб тақалади. Милоддан аввалги бешинчи асрда Сун Сзи саркардаларга ғалаба учун осмонни — инсон назоратидан ташқаридаги кучларни ҳамда ерни — жанг майдонини бирдек ҳисобга олишни маслаҳат берган. Муаллифлар талқинига кўра, бугунги кунда марказий банклар ҳам худди шундай вазиятга дуч келмоқда: ўз назоратидан ташқаридаги глобал шокларнинг ички иқтисодиётга таъсирини ҳисобга олиш зарурати.
“Осмон, асосан, марказий банклар назорат қила олмайдиган глобал шокларни, масалан, глобал молиявий узилишлар, нефт нархларининг ўзгариши, таъминот занжиридаги муаммолар, пандемиялар ва геосиёсий кескинликларни англатади. Ер эса асосан ички талаб, таклиф ва пул-кредит сиёсати билан боғлиқ шокларни англатади”, — дея тушунтиради Айҳан Косе.
Косенинг қайд этишича, 1980-йилларнинг ўрталаридан 2000-йилларнинг ўрталаригача бўлган тахминан йигирма йиллик мўтадил даврда иқтисодиётни ҳаракатга келтиришда ички талаб шоклари асосий рол ўйнаган. Ўша шароитда марказий банклар бир вақтнинг ўзида ҳам инфляцияни, ҳам иқтисодий фаолликни барқарорлаштира олган. Бироқ сўнгги йигирма йил ичида иқтисодиётлар кетма-кет йирик глобал шокларга дуч келди ва бу пул-кредит сиёсатини юритишни анча мураккаблаштирди.
Тадқиқот муаллифлари 1970-йилдан 2024-йилгача бўлган даврда асосан ривожланган иқтисодиётларни таҳлил қилади ҳамда тўртта глобал шок — глобал талаб, глобал таклиф, нефт нархлари ва глобал пул-кредит сиёсати, шунингдек учта ички шок — ички талаб, ички таклиф ва ички пул-кредит сиёсатига эътибор қаратади.
“Тадқиқотнинг биринчи асосий хулосаси шундан иборатки, вақт ўтиши билан глобал шокларнинг аҳамияти ортиб бормоқда. 1990-йилларнинг охиригача улар фоиз ставкалари ўзгаришининг кичик қисминигина тушунтирган. 1999−2019-йиллар оралиғига келиб уларнинг ҳиссаси учдан бир қисмдан кўпроққа ошган. 2020−2024-йилларга келиб эса фоиз ставкалари ўзгаришининг деярли ярми глобал шоклар билан изоҳланади. Айни пайтда қатор йирик иқтисодиётларда глобал шоклар ички шоклардан ҳам муҳимроқ омилга айланган”, — дея тушунтиради мутахассис.
Иккинчи муҳим хулоса глобал шоклар ички шоклардан кескин фарқ қилишини кўрсатади.
Биринчидан, улар анча катта таклиф компонентига эга. Яъни глобал шоклар табиатида таклиф омиллари талаб омилларига қараганда муҳимроқ рол ўйнайди. Ички шоклар эса асосан талаб ва ички пул-кредит сиёсати томонидан юзага келади.
Иккинчидан, глобал шоклар кўлами кенгроқ ва ўзгарувчанлиги юқорироқ. Уларнинг ортиб бораётган таъсири, кўринишидан, марказий банкларнинг юқори сезгирлиги билан боғлиқ эмас. Аксинча, бу шокларнинг частотаси ва таъсир кучи тобора ошиб, оқибатлари оғирлашиб бормоқда.
Учинчидан, глобал шоклар инфляцияга анча узоқ муддатли таъсир кўрсатади. Ички шокларнинг инфляцион таъсири одатда тахминан бир йил ичида йўқолади. Глобал шоклар эса анча узоқ давом этади ва уларнинг таъсири уч йилдан ортиқ сақланиб қолади.
Тўртинчидан, глобал шоклар асимметрик хусусиятга эга, яъни улар пул-кредит сиёсатини юмшатишдан кўра қаттиқлаштиришга кўпроқ таъсир қилади.
Косенинг айтишича, марказий банклар таклиф шокларини кўпинча эътиборсиз қолдиради, деган қараш мавжуд. Чунки пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириш таклиф муаммосини бевосита ҳал қила олмайди. Бироқ унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда регуляторлар бу борадаги қарашларини ўзгартириб, глобал таклиф шокларига кучлироқ жавоб бера бошлади. Бу, эҳтимол, глобал шокларнинг кўлами ва давомийлиги ошиб, инфляцион кутилмаларга таъсир қилиш эҳтимоли кучайгани билан боғлиқ.
Тадқиқот хулосаларидан келиб чиқиб, Косе пул-кредит сиёсати моделлари глобал шоклар шароитига мослашиши ва уларнинг аҳамиятини ҳисобга олиши кераклигини, марказий банклар эса сиёсат асосларини ривожлантириши зарурлигини таъкидлайди.
“Марказий банклар йирик глобал шокларга қай даражада кескин муносабат билдириш масаласини кўриб чиқишлари ва шунга мос равишда ўз тизимларига ўзгартиришлар киритишлари зарур. Прогнозлаш ва коммуникация ҳам мослашиши керак. Глобал шокларни олдиндан айтиш қийин ва улар кўпинча геосиёсий ёки иқтисодий бўлмаган ҳодисалар натижасида юзага келади. Шу сабабли, марказий банклар бизнес сиклининг қайси босқичида эканликларини, шунингдек, инфляция ва иқтисодий фаолликни баҳолашда асосан ягона марказий прогнозга таяниш ўрнига, турли ссенарийларга кўпроқ эътибор қаратишлари керак”, — дея тушунтиради Айҳан Косе.
Ташқи шокларнинг таъсир кўлами ва кучи ортиб бориши интеграциялашувнинг чуқурлашиши билан боғлиқми, деган саволга жавобан Айҳан Косе кўпроқ интеграциялашув мамлакатни ташқи шокларга кўпроқ дучор қилиши муқаррар эканини таъкидлади.
“Глобал зарбалар ҳар доим бўлган, лекин вақт ўтиши билан уларнинг ўзгарувчанлиги ва давомийлиги ортиб, катталашиб борди. Ўз навбатида, уларнинг инфляция ва иқтисодий фаолликка таъсири янада яққолроқ намоён бўлди. Менимча, энг муҳим масала шундаки, пул-кредит сиёсатини назорат қилиш тизими ва қобилияти мавжуд. Ташқи ва ички зарбаларга қандай муносабат билдириш бўйича аниқ тушунча бор, — дея тушунтиради у. — Марказий банклар учун ўзгарган ва қийинлашган нарса — улар фаолият юритадиган ташқи муҳит”.
Бу, Косенинг қайд этишича, марказий банклар бу шокларни баҳолашда янада тезкор ва мослашувчан бўлишлари, глобал шоклар ички шокларга қараганда анча кучлироқ бўлиши мумкинлигини ҳисобга олишлари ва шунга кўра ўз тизимлари доирасида жавоб қайтаришлари кераклигини англатади.
Жаҳон банки мутахассиси глобал шокларнинг инфляцион таргетлаш режимида регулятор қарорларига қандай таъсир қилишига ҳам тўхталди. Унинг таъкидлашича, инфляцияни таргетлаш бутун дунё бўйлаб марказий банкларга яхши хизмат қилиб келган, нарх босимини жиловлаш учун аниқ таянч ва йўналиш берган. Аммо эндиликда у ҳам такомиллаштирилиши керак.
“Инфляцияни таргетлаш ички талаб шоклари устун бўлган даврда ишлаб чиқилган. Бундай шароитда фоиз ставкаларини оширсангиз, инфляцияни ҳам, ортиқча талабни ҳам пасайтиришингиз мумкин эди. Бунда қарор қабул қилиш маълум маънода нисбатан оддий бўлган, — дея тушунтиради Косе. — Лекин глобал шок — таклиф шоклари бошқача. Улар бир вақтнинг ўзида инфляцияни ошириб, талаб ва иқтисодий фаолликни заифлаштириши мумкин”.
Бироқ тадқиқот натижаларига кўра, глобал шокларнинг аҳамияти, ўзгарувчанлиги ва давомийлиги тобора ортиб бормоқда. Бу нархлар барқарорлиги ва иқтисодий фаоллик ўртасидаги танловни янада кескинлаштиради. Шундан келиб чиқиб, инфляция мақсади таянч бўлиб қолиши мумкин, бироқ унинг атрофидаги тизим маълум маънода мослашувчанроқ бўлиши керак.
Косенинг фикрича, эндиликда ривожланаётган ва ривожланган иқтисодиётларда регуляторлар фақат инфляциянинг юқори ёки пастлигига эмас, балки шокнинг қанчалик узоқ давом этиши ҳамда унинг умумий нархлар ва инфляция кутилмаларида қай даражада акс этишига ҳам эътибор қаратиши лозим.
“Бу яхшироқ ва ўз вақтида олинган маълумотларни, шунингдек, товар нархлари, савдо харажатлари, валюта курси ва, албатта, глобал фоиз ставкаларини диққат билан кузатиб боришни талаб қилади. Ва сизда ссенарий таҳлили бўлиши мақсадга мувофиқ. Шунчаки битта таянч прогнозга таянмасдан, бой ссенарийлар тўпламига эга бўлишни ва ушбу таянч прогноз атрофидаги ўзгаришлар қандай қилиб маълум натижаларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўришингиз керак”, — дейди Айҳан Косе.
Қолаверса, унинг таъкидлашича, асосий ғоя импорт нархларининг ҳар бир ошишига жавоб қайтариш эмас. Уларнинг баъзилари вақтинчалик, баъзилари эса бошқача хусусиятга эга. Аммо доимий, кенг кўламли ёки мамлакатдаги инфляцион кутилмаларга таҳдид соладиган глобал шок юзага келса, марказий банклар қатъийроқ ҳаракат қилиши керак. Шу билан бирга, ишончлилик ва очиқ мулоқот жуда муҳим — айниқса ташқи стресс даврларида.

