Марказий банк 2029-йил охиригача рақамли сўмни муомалага чиқариши мумкин

Марказий банк 2029-йил охиригача рақамли сўмни муомалага чиқариши мумкин
Ўзбекистон Марказий банки рақамли сўм яратиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда 24-сентябр куни регулятор вакиллари ўтказган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар берди “Дарё” мухбири.
Тақдимотда рақамли сўм Марказий банк томонидан бевосита муомалага чиқариладиган пул шакли экани айтилди. Бундай валюталар аслида чакана ва улгуржи турларга бўлиниши таъкидланди. Чакана туридан жисмоний ва юридик шахслар банкноталар ва банк карталари билан бир қаторда кундалик тўловлар учун фойдаланади. Бироқ Ўзбекистон фақат улгуржи турини яратишни режалаштирмоқда.
“Биз танлаётган Марказий банкнинг рақамли валютаси — вҳолесале СБДС. Бу тақсимланган реестр технологияси (дистрибутед ледгер течнологй) асосида яратилган ва фақат банклар ҳамда тўлов ташкилотлари учун ҳисоб-китобларни амалга оширишда қўлланиладиган рақамли валюта ҳисобланади”, деди регулятор вакиллари.
Маълум қилинишича, 2027-йил якунигача Ўзбекистонда рақамли сўмни муомалага чиқаришнинг афзалликлари ўрганиб чиқилади. 2028-йил охиригача синов босқичи, 2029-йил сўнгигача эса бозор иштирокчиларини тизимга қўшиш ва тизимни тўлиқ ишга тушириш режалаштирилмоқда.
“Халқаро маслаҳатчилар билан биргаликда улгуржи рақамли валюталар ишлаб чиқилади. Кейин пилот синовларини ўтказилиб, натижалардан келиб чиқиб, қарор қабул қилинади. Ҳозирча улгуржи рақамли валютани жорий этиш ёки этилмаслиги 100 фоиз аниқ эмас”, дея маълум қилди Марказий банк масъуллари.
Қайд этилишича, улгуржи рақамли валютанинг ички бозор учун бир қатор афзалликлари бор. Масалан, у ҳисоб-китоб жараёнидаги хавфларни бартараф этади. Операцион фаолият барқарорлигини таъминлайди ва 24/7 режимида фавқулодда ликвидликни зарур вақтда ҳамда жойда автоматик равишда тақдим этиш имконини беради.
Рақамли сўмдан биринчи навбатда давлат харидларида фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Натижада Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан ажратилган пулларнинг бошқа жойга ўтиб кетмаслигини таъминлаш, маблағни доимий назорат қилиш имконияти пайдо бўлади. Кейинги босқичда инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш ҳам янги турдаги валютада амалга оширилиши мумкин. Пудратчиларга тўловлар лойиҳаларнинг белгиланган босқичлари бажарилганда ва ишлар топширилгани тасдиқлангандан сўнг амалга оширилади. Бу давлат инвестиция маблағи қандай сарфланаётганини реал вақт режимида кузатиш имконини беради. Шу билан бирга, давлат тўловлари ва мақсадли субсидияларни молиялаштиришда ҳам рақамли сўмдан фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
“Булар ҳозирда изланиш давридаги бизнинг кутаётган натижаларимиз. Бу шунақа бўлади дегани эмас. Чунки битта рақамли валютани ўрганиш учун камида 4-5-йил вақт талаб этилади”, дейди Марказий банк масъуллари.
Кейинги уч йил давомида тизимни ўрганиш, рақамли валюта яратиш ва тест режимида амалиётда қўллаб кўриш кўзда тутилмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда дунёдаги 143 та давлат марказий банклари рақамли валютани ўрганмоқда. Шундан 77 таси рақамли валютани ишлаб чиқиш жараёнида. Яна 41 таси рақамли валютанинг пилот лойиҳасини амалга оширмоқда. Дунёда фақат учта давлат рақамли валютани ишга туширган: Багама ороллари, Нигерия ва Ямайка.

