Маош 2,5 минг евро: Германиядаги қурилишда ўзбекистонликлар учун иш таклиф қилинди

Маош 2,5 минг евро: Германиядаги қурилишда ўзбекистонликлар учун иш таклиф қилинди
Миграция агентлиги ва РРГ АГ ташкилоти Ўзбекистондаги қурилиш соҳаси мутахассисларини Германияда ишлашга чақирди.
Агентлик берган маълумотга кўра, жами 200 та иш ўрни мавжуд бўлиб, ойлик маош 2 500 еврони ташкил этади (қўлга тегадиган). Иш ҳафтасига 5 кун, 40 соатдан иборат. Иш ҳақи, устамалар, суғурта, таътил ва бошқа имтиёзлар Германиядаги ходимлар билан тенг шароитда белгиланади. Номзодлар билан 6 ойлик синов муддатини ўз ичига олган муддациз меҳнат шартномаси тузилади.
18–39 ёшдаги, олий ёки касб-ҳунар таълими тўғрисидаги дипломга эга бўлган номзодлар ишга қабул қилинади. Улардан тегишли йўналиш бўйича камида 2 йиллик техникум ёки коллеж дипломи, шунингдек, сўнгги 5 йил ичида шу соҳада камида 2 йиллик иш тажрибаси талаб этилади.
Талабгорлар Тошкент шаҳридаги Берлитз ўқув марказида 8 ой давомида А1 даражадан Б1 даражагача бепул немис тили курсида ўқитилади. Харажатлар Миграция агентлиги ва иш берувчи томонидан қопланади. Тил сертификати имтиҳони, виза ва авиачипта харажатлари ҳам иш берувчи ҳисобидан тўланади. Германияда турар жой харажати ойига 300 евро бўлиб, озиқ-овқат харажатлари номзод ҳисобидан қопланади.
Қуйидаги йўналишлардан бирини танлаб, 30-сентябрга қадар ариза топшириш мумкин: ғишт терувчи; қурилиш дурадгор; қурилиш чилангар; саноат механиги; қурилиш кран оператори; қурилиш пайвандчи; қурилиш бетон қуювчи.
Иш берувчилар билан онлайн суҳбатлар октябр ойидан бошлаб ҳар ҳафта ўтказилади. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодлар гуруҳлар шаклланишига қараб ўқишга жалб этилади.

