Малайзиялик хонанда Ўзбекистонда суратга олинган альбомини тақдим этди
Малайзиялик хонанда Ҳафиз Ҳамидун Тошкент, Самарқанд ва Бухорода суратга олинган видеоклиплардан иборат альбомини тақдим этди.

Малайзиялик хонанда Ўзбекистонда суратга олинган альбомини тақдим этди
Машҳур малайзиялик хонанда, бастакор ва продюсер Ҳафиз Ҳамидун видеоматериаллари Ўзбекистонда суратга олинган «Salawat. The Beloved» номли янги мусиқий альбомини тақдим этди. Лойиҳа аллақачон 1,4 миллиондан ортиқ томошабин аудиториясини жалб қилди ва Жануби-Шарқий Осиё аҳолисини мамлакатнинг тарихий-маданий ва туристик салоҳияти билан таништирди.
Суратга олиш ишлари август ойида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтди.
Ҳафиз Ҳамидун Малайзия ва минтақанинг бошқа мамлакатларидаги мусулмон аудиторияси орасида кенг танилган ижрочи ҳисобланади.
Сўнгги йилларда малайзиялик ва Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа санъат арбобларининг Ўзбекистонда ижодий лойиҳаларни амалга ошириш ва унинг тарихий-маданий меросини халқаро аудитория ўртасида тарғиб қилишга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда.
Альбомнинг Малайзиядаги тақдимоти ОАВда кенг ёритилди. Тадбирда 40 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди, 24 та электрон ва босма нашрлар эса тақдимот ҳақида материаллар чоп этди. Ижтимоий тармоқларда 100 га яқин публикация ва материаллар жойлаштирилди.
Тақдимот доирасида Ўзбекистоннинг исломий, тарихий ва маданий меросига бағишланган фотокўргазма ҳам бўлиб ўтди.
Ҳафиз Ҳамидуннинг сўзларига кўра, янги альбом қисқа вақт ичида 1,4 миллиондан ортиқ томошабинни қамраб олди. Лойиҳа Ўзбекистоннинг маданий ва туристик салоҳиятини Жануби-Шарқий Осиё аудиторияси ўртасида тарғиб қилиш учун замонавий медиа ва ижодий форматлардан фойдаланишнинг намунаси сифатида кўрилмоқда.
Медиалойиҳа Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Элчихонаси ва Туризм қўмитаси ҳамкорлигида амалга оширилди. Унинг мақсадларидан бири минтақа жамоатчилигини диний маърифат соҳасидаги ислоҳотлар ва зиёрат туризмини ривожлантиришнинг замонавий имкониятлари билан таништиришдан иборат бўлди.
Ташаббус, шунингдек, Ўзбекистоннинг Малайзия ва АСЕАН мамлакатлари билан маданий ва туристик дипломатия соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган.

