Малави мухолифати президентнинг хорижда узоқ вақт қолиб кетгани юзасидан тушунтириш талаб қилмоқда
Бу президент Питер Мутариканинг жанубий Африкага шу йилдаги бешинчи ташрифидир.

Малави мухолифати президентнинг хорижда узоқ вақт қолиб кетаётгани юзасидан тушунтириш талаб қилмоқда
Бу Президент Питер Мутариканинг ЖАРга жорий йилдаги бешинчи ташрифидир
Малави мухолифати, мамлакат ёнилғи танқислиги, электр узилишлари ва иқтисодий қийинчиликларга дуч келаётган бир пайтда, Президент Питер Мутариканинг Жанубий Африка Республикасида узоқ вақт қолиб кетаётгани юзасидан тушунтириш талаб қилди.
86 ёшли Мутарика 6 октябрь куни Малавини тарк этган бўлиб, расмийлар буни шахсий ташриф деб атаган эди. Бу унинг жорий йилдаги бешинчи сафари бўлиб, уларнинг ҳар бири ҳақида фақат чекланган тафсилотлар ошкор қилинган.
"Малави ҳал қилувчи пайтни бошдан кечирмоқда ва қатъий ҳаракатлар зарур", деди мухолифатдаги Малави Конгресси партияси (МКП).
Ахборот вазири Шадрик Намаломба Мутариканинг йўқлиги раҳбариятда бўшлиқни келтириб чиқарди деган даъволарни рад этди.
Мутарика ўтган йилнинг октябрь ойида ўша пайтдаги президент Лазарус Чакверани мағлуб этгач, ўз лавозимига қайтган эди.
У илгари 2014 йилдан 2020 йилгача Малавини бошқарган.
Унинг навбатдаги йўқлиги ва Жанубий Африкага тез-тез амалга ошираётган сафарлари жамоатчилик эътиборини тобора кўпроқ тортмоқда.
Пайшанба куни МКП кампанияси директори Мозес Кункую пойтахт Лилонгведа журналистларга мухолифат президентнинг шахсий сабабларга кўра саёҳат қилиш ҳуқуқига қарши чиқмаётганини, аммо Вице-президент Жейн Ансанинг мамлакатдаги ортиб бораётган муаммолар бўйича халққа мурожаат қилишини хоҳлашини айтди.
Унинг таъкидлашича, Малави халқи мамлакатни ким бошқараётганини билишга ҳақли.
"Муаммо президентнинг сафарда эканида эмас", деди у. "Муаммо шундаки, одамлар қийналмоқда ва кимдир вазиятни назорат қилаётганига ишонч ҳосил қилишни хоҳлайди."
У ҳукуматни давом этаётган ёнилғи танқислиги, мунтазам электр узилишлари, давлат шифохоналарида зарур дори-дармонлар етишмовчилиги ва хорижий валюта олишдаги муаммоларни қандай ҳал қилишни режалаштираётганига аниқлик киритишга чақирди.
Ахборот вазири маҳаллий оммавий ахборот воситаларига "давлат президенти ҳар доим, ҳамма жойда назоратни қўлда тутади" деб жавоб берди ва президент ҳали ҳам ҳукумат ишларини тўлиқ назорат қилаётганини таъкидлади.
Сафар сабаби ҳақида сўралганда, вазир: "Шахсий сафар бу — шахсий сафар", деди.
У мухолифатни аввалги бошқарув даврида юзага келгани айтилган муаммолардан фойдаланишга уринишда айблади.
"Шу сабабли ҳам малавиликлар уларга эмас, бизга овоз бериб, ҳукуматга келтиришди. Улардан, ўзлари томонидан ачинчли тарзда яратилган ва ҳал этилмаган муаммоларни ҳал қилаётганимизда, жим туришларини сўраган бўлардим", дея қўшимча қилди у.
Пайшанба куни Мутарика савдо вазирига Зимбабведа бўлиб ўтадиган Шарқий ва Жанубий Африка умумий бозори (Comesa) саммитида Малави делегациясига бошчилик қилишни топширди.
Ой бошида расмийлар Мутариканинг Жанубий Африкадан Ҳиндистонга тиббий ёрдам олиш учун кетгани ҳақидаги ижтимоий тармоқлардаги хабарларни рад этган эди.
Ҳукумат бош котиби Жастин Саиди президент ҳали ҳам Жанубий Африкада эканини айтди ва жамоатчиликни тасдиқланмаган даъволарни тарқатмасликка чақирди.
Мутарика илгари ўз соғлиғи ҳақидаги тахминларни рад этиб, бундай даъволарни "эсипастлик ва кулгили" деб атаган ҳамда ўзини яхши ҳис қилаётганини айтган эди.
Малави жиддий хорижий валюта танқислигига дуч келмоқда, бу эса ёнилғи импортини издан чиқарди ва транспорт харажатларини ошириб юборди.
Заправкаларда узун навбатлар пайдо бўлган, ишончсиз электр таъминоти ва дори-дармон танқислиги эса аҳолининг норозилигини янада чуқурлаштирган.

