Мактабдаги зўравонлик: масъулият оиладами ёки мактабда? (видео)
Хўш, боладаги хавф белгиларини биринчи бўлиб ким сезади? Бу белгиларни пайқаган катталар нима қилиши керак?

**Мактабдаги зўравонлик: масъулият оиладами ёки мактабда? (видео)**
Мактабларда юз бераётган зўравонлик ҳолатларидан кейин муҳокама кўпинча битта савол атрофида айланади: масъулият оиладами ёки мактабдами?
Аслида, бола тарбиясидаги энг катта масъулият ота-онадан бошланади. Боланинг илк муносабати, биринчи чегараси, ҳурмат ҳақидаги дастлабки тасаввури ва биринчи ҳиссий хавфсизлиги оилада шаклланади. Мактаб эса шу пойдевор устига қурилади, уни қўллаб-қувватлайди, кузатади ва керак бўлганда аралашади. Аммо боланинг шахсияти, ҳиссий барқарорлиги ва бошқалар билан муносабат ўрнатиш услубини белгилайдиган биринчи муҳит — оиладир.
Мактабда зўравонлик юз берганда, дастлабки муносабат кўпинча айбдор излашдан иборат бўлади. Кимдир бевосита оилани айблайди, бошқалар эса мактаб маъмурияти ва ўқитувчиларни нишонга олади. Бироқ фақат бир томонни кўрсатадиган бундай ёндашув узоқ муддатда ечим бермайди. Шунга қарамай, бола билан боғлиқ биринчи ва асосий масъулият оиладан бошланишини унутмаслик керак.
Чунки болада намоён бўладиган кўплаб хулқ-атвор шакллари аввал уйда шаклланади. Мактаб эса бу ўзгаришларни сезадиган, кузатадиган ва зарур бўлса оила билан бирга чора кўриши керак бўлган иккинчи муҳит ҳисобланади. Зўравонликни фақат оила ёки фақат мактаб зиммасига юклайдиган ёндашув масалани соддалаштириб юборади. Аммо уйнинг ҳал қилувчи ролини иккинчи планга суриш ҳам манзарани тўлиқ акс эттирмайди.
Хўш, боладаги хавф белгиларини биринчи бўлиб ким пайқайди? Бу белгиларни сезган катта ёшли одам қандай йўл тутиши керак? Бундай аралашув самарали бўлиши учун оила, ўқитувчи, мактаб маъмурияти ва атроф-муҳит ўртасида қандай ишонч муҳити бўлиши лозим?
Бу саволларга мутахассис шундай жавоб беради: «Эрта қабул қилиш ва биргаликда ҳаракат қилиш бола манфаати учун энг кучли ҳимоя чораларидан бирига айланади. Эрта аниқлаш жисмоний касалликларда бўлгани каби, руҳий муаммоларда ҳам ҳаётий аҳамиятга эга».
Масъулият фақат бир томонга юкланмаслиги керак. Мактабларда зўравонликнинг олдини олиш масаласини мактаб маъмурияти, психологик маслаҳат хизматлари, тегишли муассасалар ва ота-оналар биргаликда ҳал қилиши керак. Ўқитувчи-ўқувчи, ўқувчи-ўқувчи, ўқитувчи-оила ва оила-ўқувчи муносабатлари зўравонликнинг олдини олишда асосий йўналишлар сифатида белгиланиши керак.
Демак, масала фақат мактаб эшиги олдидаги хавфсизлик чораларидан иборат эмас. Бу — мактаб ва уйда шаклланадиган тил, муносабат ва ишонч муҳити масаласи ҳамдир. Бундай ёндашув ЮНЕСКО томонидан «яхлит мактаб ёндашуви» деб таърифланган тамойилга ҳам мос келади. Ошхона ходимидан тортиб мактаб раҳбаридан ота-онагача — бола атрофидаги ҳар бир катта киши ягона эрта огоҳлантириш тизимининг бир қисми ҳисобланади.
Бундай моделда ҳимоя механизми бир кишининг зиммасига юкланмайди, аксинча, биргаликда ишлайдиган тизим сифатида қаралади. Бироқ бу тизимнинг биринчи халқаси яна оиладир. Чунки бола мактабга боришидан анча олдин уйда муносабат ўрнатишни, чегараларга дуч келишни, ғазабини қандай ифода этишни ва катталарга қандай муносабатда бўлишни ўрганади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, «барча масъулият оилада» ёки «мактаб ўз вазифасини бажармади» каби кескин хулосалар муаммонинг мураккаблигини тушунтириш учун етарли эмас. «Бундай гаплар кўпинча ҳамкорликни ҳам қийинлаштиради. Чунки бир томонни айблайдиган тил иккинчи томонни ўзини ҳимоя қилишга мажбур қилади. Натижада ҳамма гапиради, аммо ҳеч ким бир-бирини ҳақиқатдан эшитмайди».
Баъзан болада ҳиссий зўриқиш пайдо бўлганини сезмаслик, унинг қийналаётганини дастлаб оила, она, ота ёки яқин қариндошлар пайқамаслиги ёки айрим хулқ-атворларни кўриб, уларни эътиборсиз қолдириши вазиятни оғирлаштирадиган сабаблардан биридир. Мактаб ва оилани бир-биридан ажратиб эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи икки муҳит сифатида кўриш керак.
Эрта белгилар баъзан уйда, баъзан мактабда, баъзан эса боланинг ҳар икки муҳитдаги хулқ-атворини биргаликда таҳлил қилиш орқали аниқланиши мумкин. Эрта белгилар нима учун муҳим? Болалардаги зўравонликка мойиллик кўпинча бирданига пайдо бўлмайди. Бу мойиллик турли белгилар орқали намоён бўлиши мумкин.
«Тўсатдан одамови бўлиб қолиш, ўқишдаги натижаларнинг сезиларли даражада пасайиши, қоронғи ва тажовузкор мавзуларнинг пайдо бўлиши, ўйин вақтида чегараларни кескин бузиш — буларнинг ҳар бири алоҳида ҳолда қатъий хулоса чиқариш учун асос бўлмаса-да, диққат билан кузатиш керак бўлган сигналлардир. Бу ерда мақсад — болага тамға қўйиш эмас, балки ундаги ўзгаришни ўз вақтида пайқашдир».
Эрта белгилар фақат очиқ тажовузкорлик билан чекланмайди. Кичик ёшда боланинг ҳаддан ташқари тажовузкор ва инжиқ хулқ-атвори уйда сезилиши мумкин. Бола гуруҳга қўшилганда эса бу хулқ унинг тенгдошлари билан муносабатларида ва ўқитувчининг кузатувларида ҳам намоён бўла бошлайди. «Аввалига 4-5 ёшларда ҳам сезилиши мумкин».
Мутахассисларнинг таъкидлашича, аввал ҳеч қандай муаммо кўрсатмаган бола кейинги йилларда ҳам қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Шунинг учун бошланғич, ўрта ва юқори синф даврларини ҳам диққат билан кузатиб бориш зарур. Ташхис қўйилган болага эмас, эътиборсиз қолдирилган болага диққат қаратиш керак.
Сўнгги кунлардаги энг нозик масалалардан бири — айрим болаларнинг ташхиси ёки ривожланиш хусусиятлари туфайли асоссиз равишда гумон остига олиниши. Диққат етишмаслиги ва гиперактивлик бузилиши, аутизм спектри ёки махсус таълим эҳтиёжи бўлган болаларни ялпи равишда «хавфли» тоифага киритишга қатъий қарши чиқади.
Асосий эътибор ҳиссий дунёсида нима кечаётганини ифода этмайдиган, пассив-агрессив тарзда ҳамма нарсани ичига ютадиган ва кўзга ташланмагани учун эътиборсиз қолдириладиган болаларга қаратилиши лозим. «Эътиборсизликнинг ўзи сабаб бўлиши мумкин». Мутахассиснинг фикрича, боланинг ҳиссий зўриқишини оила ёки яқин атрофдагилар пайқамаслиги жиддий хавф туғдириши мумкин. «Боланинг қийналаётганини кўрмаслик, хулқ-атворидаги ўзгаришни эътиборсиз қолдириш, «ўтиб кетади» деб кутиш ёки вазиятни қабул қилмаслик кўпинча муаммони янада чуқурлаштиради».
Нега ўқитувчиларнинг ҳаракат доираси тораймоқда? Ўқитувчи болани энг яқиндан кузатадиган ва ундаги ўзгаришни энг эрта пайқай оладиган шахслардан бири. Аммо амалда бу вазифа ҳар доим ҳам бир хил даражада бажарилмайди. Чунки кўплаб ўқитувчилар ота-оналар босими, асоссиз шикоятлар, маъмурий жараёнлар ва доимий назорат остида эканлик ҳисси туфайли ташаббус кўрсатишда қийналиши мумкин.
Айниқса, мактаб-ота-она гуруҳлари, тез суръатда авж оладиган шикоятлар ва ўқитувчининг ҳар бир ҳаракатини эҳтимолий хавфга айлантириб қўядиган муҳит унинг имкониятларини чеклаши мумкин. Бундай шароитда ўқитувчи ўқувчида сезган ўзгариши ҳақида гапириш ёки янги можарони бошлаб юбориш ўртасида қолиб кетади.
Яна бир муҳим жиҳати, мутахассислар ўқитувчининг профессионал майдонини ҳимоя қилиш керак, деб ҳисоблайди. Уларнинг айтишича, ота-оналарнинг бола ривожи ҳақида кўпроқ хабардор бўлиши муҳим, аммо бу ҳар бир масалада улар ўқитувчи, психолог ёки шифокор даражасида билимга эга дегани эмас.
«Мактабдаги таълим жараёнида самарадорликни таъминлайдиган шахслар, аслида, ўқитувчилардир. Ота-оналар баъзан жуда кўп маълумотга эга бўлишлари мумкин, аммо атрофдаги ахборот ифлосланиши ва нотўғри маълумотлар туфайли улар ҳамма нарсани ўқитувчи, психолог ёки шифокор каби билишлари мумкин эмаслигини қабул қилишлари керак. Ўқитувчи мактабда фақат дарс ўтадиган шахс эмас; у боланинг ривожини кузатадиган ва таълим доирасида чегараларни белгилайдиган профессионал йўл кўрсатувчилардан биридир».
Боланинг ўқитувчиси билан ўрнатган муносабати ҳам уйда қандай тил ва муносабатни эшитиши билан бевосита боғлиқ. «Болаларнинг уйда онаси ва отасига ҳурмат билан муносабатда бўладиган шахс сифатида тарбияланиши мактабга борганидан кейин ўқитувчисига ҳурмат кўрсатишини ҳам осонлаштиради. Демократик тарбия болада ҳурмат туйғусини шакллантиради. Уйда чегаралар, ўзаро ҳурмат ва изчилликка асосланган муносабат ўрнатилганда, бола буни фақат оила доирасида қолдирмайди.
Мактабда ўқитувчиси ва бошқа катталар билан муносабатига ҳам кўчиради». Бир нарсани унутмаслик керак, зўравонлик фақат жисмоний бўлмайди. Оиладаги зўравонлик тушунчаси ҳам жуда муҳим. Чунки кўплаб оилаларда жисмоний зўравонлик бўлмаса, демак, муаммо ҳам йўқ, деб ҳисобланади. Аслида эса бақириш, таҳдид қилиш, камситиш, қўрқитиш, босим ўтказиш ёки болани хоҳламаган ишини мажбуран қилдириш ҳам унга жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мутахассислар буни шундай очиқлайди: «Бақириш, таҳдид қилиш, камситиш, қўрқитиш, босим ўтказиш, болани хоҳламаган ишини қилишга мажбурлаш — буларнинг барчаси оғзаки, ҳиссий ва психологик зўравонликка киради. Ҳатто айрим болалар эшитган оғир сўзлари жисмоний жазодан ҳам кўра уларда узоқроқ из қолдиришини айтишади. Шунинг учун ота-оналар «бизнинг уйда зўравонлик йўқ» деганда фақат жисмоний зўравонликни назарда тутмасликлари керак».
Бола бундай муносабатга дуч келаверса, у одамови бўлиб, сукутга чўмиб, ҳиссиздек бўлиб қолиши ёки, аксинча, янада инжиқ ва тажовузкор бўлиб қолиши мумкин. Бироқ бу ерда ҳам энг катта хавф — эътиборсизлик. Оғзаки ва ҳиссий зўравонликдан ташқари, боланинг ҳис-туйғуларини кўрмаслик, унинг қийинчиликларини жиддий қабул қилмаслик ва ёрдамга бўлган эҳтиёжини кейинга қолдириш ҳам жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
«Мақсад — биргаликда ҳаракат қила олиш бўлиши керак». Ҳамкорлик самарали бўлиши учун биринчи шарт — умумий кузатув. Унинг фикрича, ҳамкорлик бошланиши учун оила аввало вазиятни кўриши, уни тан олиши ва ҳамкорликка очиқ бўлиши керак.
«Муаммо аниқланганида биргаликда ҳаракат қила олмаслик баъзан уни дастлаб пайқамасликдан ҳам каттароқ муаммога айланиши мумкин. Чунки оила вазиятни инкор эца, қабул қилмаса ёки ташқи омилларни айблаб, ўзини четга олса, мактаб ва мутахассиснинг ҳаракат доираси торайиб қолади. Аслида эса эрта қабул қилиш ва биргаликда ҳаракат қилиш бола манфаати учун энг кучли ҳимоя чораларидан бирига айланади. Жисмоний касалликларда бўлгани каби руҳий муаммоларда ҳам эрта аниқлаш ҳаётий аҳамиятга эга».

