Мактаб ошхоналарида қайси маҳсулотлар тақиқланган?
Янги ўқув йили бошланиши билан мамлакат мактабларида нафақат ўқув синфлари, балки мактаб ошхоналари ҳам жонланди. Бироқ умумий ўрта таълим муассасаларида ҳар қандай турдаги маҳсулот ва таомларни тайёрлаш ҳамда сотишга рухсат берилмайди, бунинг учун санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига асосланган махсус рўйхат шакллантирилган. Ушбу тақиқланган рўйхатга айнан қайси маҳсулотлар киритилгани ҳақида […]

Мактаб ошхоналарида қайси маҳсулотлар тақиқланган?
Янги ўқув йили бошланиши билан мамлакат мактабларида нафақат ўқув синфлари, балки мактаб ошхоналари ҳам жонланди. Шу билан бирга, умумтаълим муассасаларида барча маҳсулот ва таомларни тайёрлаш ҳамда сотишга рухсат берилмайди: бунинг учун санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативлари асосида тузилган махсус рўйхат тасдиқланган.
Ушбу тақиқланган рўйхатга айнан қайси маҳсулотлар киритилгани ҳақида Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бўлим бошлиғи Дилфуза Ҳикматова батафсил сўзлаб берди.
Тошкент ва Ўзбекистон мактаб ошхоналарида зарарли фастфуд, уй таомлари, консервалар ва пастеризация қилинмаган сут маҳсулотлари сотилишини тақиқловчи қатъий санитария талаблари амал қилади.
Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси бўлим бошлиғи Дилфуза Ҳикматова умумтаълим мактабларида соғлом овқатланишни ташкил этишни тартибга солувчи қоидалар ва санитария меъёрларини (СанПиН № 0017-21) эслатиб ўтди.
Мактаб ошхоналарида сотилиши бутунлай тақиқланган маҳсулотлар рўйхатига қуйидагилар киради:
Фастфуд ва снеклар: гамбургерлар, чизбургерлар, хот-доглар, чипслар, сухариклар, кириешкалар, хрустяшкалар ва қурт.
Ичимликлар: энергетик, газланган ва ширин рангли ичимликлар.
Консервалар ва колбасалар: ҳар қандай консерваланган маҳсулотлар, консерва қўшилган таомлар, шунингдек, колбаса маҳсулотлари.
Соуслар ва зарарли қўшимчалар: майонез, кетчуп, шунингдек, таркибида сунъий бўёқлар, хушбўйлаштирувчилар, консервантлар ва таъм кучайтиргичлар бўлган ҳар қандай маҳсулотлар.
Шубҳали ва уйда тайёрланган маҳсулотлар: уй шароитида тайёрланган таомлар, уй твороги ва сут маҳсулотлари, пастеризация қилинмаган сут, яроқлилик муддати тугаётган, қадоғи шикастланган ёки сифат сертификатига эга бўлмаган маҳсулотлар.
Хавфли маҳсулотлар: бутунлиги бузилган ёки сальмонеллёз билан зарарланиш хавфи бўлган тухумлар, шунингдек, кемирувчилар ва зараркунандалар томонидан шикастланган маҳсулотлар.
Уй таомлари ва тадбирларга чекловлар
Санэпидқўмита ота-оналарни туғилган кунлар ёки мактаб байрамлари муносабати билан мактабга уйда тайёрланган ширинликлар — тортлар, пишириқлар ва бошқа таомларни олиб келиш амалиётидан воз кечишга чақиради. Ўқув муассасаларига уйда тайёрланган пишириқлар ва қандолат маҳсулотларини олиб келиш ва сотиш хавфсизлик меъёрлари билан қатъиян тақиқланган.
Идорада таъкидланишича, бундай тақиқлар болалар саломатлигига бўлган ғамхўрлик билан боғлиқ. Фастфуд, чипслар ва газланган сувлар таркибида оқсил бўлмагани ҳолда жуда кўп миқдорда ёғ ва углеводлар мавжуд бўлиб, улар оқсилнинг ўзлаштирилишига тўсқинлик қилади, шунингдек, мактаб ўқувчиларида семириш ва бошқа касалликлар ривожланиши хавфини оширади.

