Макроннинг айтишича, Россиянинг Европага қарши гибрид ҳужумлари кучаймоқда
Франция президенти ҳукуматга муҳим инфратузилма ва мудофаа саноати объектларини ҳимоя қилиш вазифасини топширганини маълум қилди.

Россиянинг Европага гибрид ҳужумлари кучаймоқда, дейди Макрон
Франция Президенти Эммануэль Макрон Россиянинг Европа ва Францияга қарши гибрид ҳужумлари таҳдиди янада жиддий тус олганини айтди.
Елисей саройида бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўзлаган Макрон Франция ҳукуматига ушбу таҳдиддан муҳим инфратузилма ва мудофаа саноати объектларини ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқишни топширганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Франция сўнгги ҳафталарда Россиянинг гибрид ҳужумларига дуч келган ва улар жавобсиз қолмайди.
Европанинг тобора кўпроқ етакчилари Россия уларнинг Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш иродасини синаб кўришга қаратилган ҳужумларга тайёргарлик кўраётган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Макрон Яқин Шарқ ва Украинадаги урушларнинг хавфсизликка таъсирини муҳокама қилиш учун партия етакчилари билан учрашганидан сўнг журналистлар қаршисида чиқиш қилди.
У ўтган ойда Германиянинг Лейпциг аэропортига уюштирилган ва Россия айбланган дрон ҳужумини, шунингдек, Польша Бош вазири Дональд Тускнинг Россия Польша ва НАТОнинг шарқий қанотидаги бошқа мамлакатларга дрон ва ракета зарбалари беришни режалаштираётгани ҳақидаги фикрларини тилга олди.
«Сўнгги ҳафталарда Россиянинг европаликларга ва Францияга қарши гибрид таҳдиди кучайди», деди у.
«Бундан мақсад бизни қўрқитиш ва Украинани қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни йўққа чиқаришдир. Натижа эса бунинг бутунлай тескариси бўлади. Биз қўрқиб қолганимиз йўқ, чунки бугунги ва эртанги хавфсизлигимиз Украинада ҳал бўлаётганини биламиз».
Макрон, шунингдек, ҳукуматга муҳим инфратузилма ҳамда «энг нозик» мудофаа саноати ва технология объектларини дрон ва киберҳужумлардан ҳимоя қилиш бўйича кўрсатма берилганини айтди.
Бундан ташқари, у Франция энергетика масалаларини муҳокама қилиш ва Европа Комиссияси билан газ захиралари масаласини кўтариш учун G7 йиғилишини чақиришини эълон қилди.
«Яқин ҳафталарда биз ушбу энергетика масалаларига бағишланган G7 йиғилишини ўтказамиз, бу ҳам ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳам G7 давлатлари ва асосий ҳамкорларимиз ўртасидаги кераксиз кескинликнинг олдини олишга хизмат қилади», деди Макрон.
«Бу, шунингдек, стратегик захираларни эҳтимолий чиқариш ёки блокларини очиш вариантларини кўриб чиқиш учун имконият бўлади».

