Маданий мерос агентлиги Бобур кўчасидаги 7-уйнинг бузилиш хавфи туфайли Бош прокуратурага мурожаат қилди

Маданий мерос агентлиги Бобур кўчасидаги 7-уйнинг бузилиш хавфи туфайли Бош прокуратурага мурожаат қилди
Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳри Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 7-уй манзилида жойлашган моддий маданий мерос объектининг сақланишини таъминлаш юзасидан Бош прокуратурага мурожаат йўллади. Идора пойтахт ҳокимининг 2018 йил 30 октябрдаги ушбу манзилдаги биноларни бузиш тўғрисидаги қарорига ҳуқуқий баҳо беришни сўрамоқда.
Бино давлат муҳофазасида ҳисобланади. 2020 йилда Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши уни Моддий маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритишни маъқуллаган, 2021 йилда эса объектни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги таклиф рад этилган. Шу билан бирга, ҳолатни ўрганиш давомида бинонинг ҳуқуқий мақоми белгиланишидан олдин Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу ер участкасини мавжуд биноларни бузиш ва кўп қаватли турар жой биноси қуриш учун "УНИВЕРСАЛ ПАСКИНГ МАСТЕРС" компаниясига ажратиб бергани аниқланди.
Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов идора барча ҳолатларга холис ҳуқуқий баҳо беришни ва ўтмишда қабул қилинган маъмурий қарорлар маданий мерос объектининг йўқотилишига асос бўлишига йўл қўймасликни принципиал жиҳатдан муҳим деб ҳисоблашини таъкидлади.
Қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, Агентлик ҳоким қарорини бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқиш бўйича қонунчиликда назарда тутилган чораларни кўришни, шунингдек, бинонинг бузилиши, шикастланиши ёки унга бошқача тарзда зарар етказилишининг олдини олишни сўрайди. Барча ҳуқуқий масалалар ҳал этилгунга қадар объект давлат муҳофазасида ва доимий мониторингда бўлади.
Тошкентда Яккасарой тумани, Бобур кўчасидаги тарихий 7-уйнинг тақдири яна муҳокама қилинмоқда. Бунга Jemchug House компаниясининг бинода яшовчилардан бирини мажбурий кўчириш бўйича даъвоси юзасидан 4 сентябрга белгиланган суд мажлиси сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар фонида Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги уй маданий мерос объекти мақомини сақлаб қолганини ва давлат муҳофазасида эканини маълум қилди.

