Локомотивларни янгилашдан тортиб минералларни қайта ишлашгача. Мирзиёев Wabtec ва Traxys билан нималарни муҳокама қилди

Локомотивларни модернизация қилишдан тортиб минералларни қайта ишлашгача. Мирзиёев Wabtec ва Traxys билан нималар ҳақида гаплашди
Ўзбекистон Американинг Wabtec ва Traxys компаниялари билан узоқ муддатли хизмат кўрсатиш шарти билан локомотивлар етказиб бериш, кон-шахта техникалари учун сервис марказини ташкил этиш, шунингдек, муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларини муҳокама қилди. Президент Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни ушбу компаниялар раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
Wabtec директорлар кенгаши раиси ва бош ижрочи директори Рафаэль Сантана билан учрашувда мамлакатнинг темир йўл инфратузилмаси ва транзит салоҳияти ривожланишини ҳисобга олган ҳолда локомотивлар паркини янгилаш ва кенгайтириш ҳақида сўз борди.
Томонлар АҚШ молия институтлари иштирокида узоқ муддатли сервис хизмати кўрсатиш шарти билан локомотивлар етказиб бериш вариантини кўриб чиқдилар. шунингдек, Ўзбекистонда темир йўл техникасига техник хизмат кўрсатишни ташкил этиш, бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ва кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши тоғ-кон корхоналарининг карьер техникалари учун сервис марказини ташкил этиш бўлиши мумкин. Учрашув иштирокчилари дизель-генератoр қурилмалари соҳасидаги ҳамкорликка ҳам тўхталиб ўтдилар.
Traxys бош ижрочи директори Марк Кристофф билан ўтказилган музокараларда асосий эътибор муҳим минераллар ва хомашёни чуқур қайта ишлашга қаратилди. Томонлар Америка технологияларидан фойдаланган ҳолда юқори қўшилган қийматли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни муҳокама қилдилар.
Учрашувда таъкидланганидек, ўтган бир йил ичида Traxys билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди: шартномавий битимлар тузилди, Тошкентда эса компаниянинг Марказий Осиёдаги биринчи минтақавий офиси очилди.
Traxys муҳим хомашё ва минералларни етказиб беришга ихтисослашган, шунингдек, уларни харид қилиш, логистика, молиялаштириш ва сотиш билан шуғулланади. Компания 20 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади.

