Ливан Грециядан Исроил билан келишувни амалга оширишда ёрдам сўради

Ливан президенти Жозеф Аун 31-август куни Грециядан Исроил билан АҚШ воситачилигида тузилган келишувни амалга оширишда ёрдам сўради. Бу мурожаат Афина ва Тел-Авив 3,5 миллиард долларлик қурол-яроғ битимини эълон қилганидан бир неча соат ўтиб янгради, деб хабар берди Ал Арабия.
Март ойида Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган “Ҳизбуллоҳ” Исроилга ҳужум қилиб, Ливанни Яқин Шарқдаги урушга тортган эди. Бунга жавобан Исроил кенг кўламли зарбалар берди ва Ливан жанубига қуруқликдан бостириб кирди. Шундан сўнг Исроил ва Ливан ҳарбий ҳаракатларни тугатишга қаратилган тўғридан-тўғри музокараларни бошлади.
Июн ойи охирида икки мамлакат ҳадли келишувини имзолади. Ҳужжат “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантириш, Исроил кучларини Ливан жанубидан босқичма-босқич олиб чиқиб кетиш ва Ливан армиясини пилот ҳудудларидан бошлаб ушбу ҳудудга жойлаштиришни назарда тутади.
“Ливан ва Ливан халқи урушлардан чарчади. Исроил билан музокаралар бошланишиданоқ душманлик ҳолатига чек қўйиш мақсад қилинган эди”, деди Аун Афинада Греция президенти Константинос Тассулас билан учрашувда.
“Бу келишув бир томонлама амалга оширилиши мумкин эмас. У икки тарафда ҳам ижро этилиши керак. Биз Ливанга ёрдам бериш учун Грециядан имкон қадар кўмак сўраймиз”, деб қўшимча қилди у.
Аун сўнгги уруш бошланганидан бери Исроил ҳужумлари оқибатида Ливанда 4300 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини айтди. Яна 12 мингдан ортиқ киши яраланган. Шунингдек, 60 тадан 70 тагача қишлоқ вайрон бўлган.
“Муаммони ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди”, деб огоҳлантирди Ливан президенти.
Аун билан ўтказилган матбуот анжуманида Греция бош вазири Кириакос Мицотакис ўз мамлакати Ливаннинг суверенитети, мустақиллиги ва бирлигини қўллаб-қувватлашини айтди. У вазиятни юмшатиш ҳамда ўзаро тушунишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларга кўмаклашишини билдирди.
Аун Греция Ливан армиясини қўллаб-қувватлашда давом этишига умид билдирди. У Исроил кучларини тўлиқ олиб чиқиб кетишни ва мамлакат бўйлаб Ливан давлат назорати ўрнатилишини талаб қилди. Бу орқали у ҳукуматнинг “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантириш ҳақидаги ваъдасини назарда тутди.
Шунингдек, у халқаро майдонда, жумладан, БМТда Греция ёрдам беришидан умидворлигини айтди.
“Ливан жанубида БМТ ролини давом эттиришни муҳокама қилмоқдамиз”, деди у.
Ливан мамлакатда жойлашган УНИФИЛ тинчликпарвар кучлари мандатини узайтиришга интилмоқда. Бу кучлар ўн йиллар давомида Ливан ва Исроил ўртасида буфер вазифасини ўтаб келган. Бироқ уларнинг мандати 2026-йилнинг охирида тугайди. АҚШ ва Исроил бу мандатнинг узайтирилишига қарши чиқмоқда.

