Либерия собиқ вице-президенти наркосавдода айбланиб ҳибсга олинди
Жорий йил июлида Либерияда Европага жўнатилиши режалаштирилган қиймати 317 млн долларлик 4 тонна кокаин мусодара қилинганди.

Либериянинг аввалги вице-президенти гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб ҳибсга олинди.
2018-йилдан 2024-йилгача Либерия вице-президенти лавозимида ишлаган Жуел Хоуард-Тейлор халқаро миқёсдаги гиёҳванд моддалар савдоси бўйича тергов доирасида қўлга олинди.
Хоуард-Тейлор 19-август куни мамлакат пойтахти Монровиядаги халқаро аеропортга кетаётганида ҳибсга олинган. Унга гиёҳванд моддалар савдоси бўйича айблов қўйилган.
Жорий йилнинг июл ойида Либерияда Европага юборилиши режалаштирилган, умумий қиймати 317 миллион долларга тенг бўлган 4 тонна кокаин мусодара қилинган эди.
Мамлакат ҳукумати ушбу иш бўйича қўлга олинганларга нисбатан ҳеч қандай шафқат бўлмаслигини маълум қилди.
Хоуард-Тейлор 1997-йилдан 2003-йилгача Либерия президенти бўлган Чарлз Тейлорнинг собиқ рафиқаси ҳисобланади. Чарлз Тейлор ҳозирда ҳарбий жиноятларда айбланиб, Британиядаги қамоқхоналардан бирида 50 йиллик жазо муддатини ўтамоқда.

